Ўз манфаатини кўзлаган интернет нашри холис ахборот тарқата оладими?

Ижтимоий тармоқларда «Самарқанд вилояти ҳокимлиги ёнида аёл ўзини ёқмоқчи бўлди» сарлавҳаси ортида хабар тарқалди.
Унда гўёки Самарқанд вилояти ҳокимлиги биноси олдида фуқаро ўзига ўт қўйиб юбормоқчи бўлганлиги баён этилган.
Мустақил журналист-кузатувчи сифатида шуни айтишим мумкинки, хабарни ўқиган кишининг кулгиси келади. Аслида, Самарқанд вилояти прокуратураси ижтимой тармоқларда тарқалган ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида ўша фуқаро билан учрашиб, унинг муаммолари тингланганлиги бўйича маълумот берган. Аммо бу маълумотни шов-шув кўтариш, қолаверса, яна бир иғвони чиқариш мақсадида сайт эгалари тирноқ ичидан кир қидирган.
Шу маълумот бўйича мен ҳам суриштирув олиб борганман. Прокуратура ўз вақтида мурожаатни текширгани ва муаммо ҳал қилингани учун маълумот тарқатишни ўзимга эп кўрмагандим.
Энди ушбу хабарни тарқатган сайт эгаларига ахборот бериш йўлидаги бундай «ҳаракати»ни қандай тушуниш мумкин?
Сир эмас, кўпчилик шов-шувли хабарларни ўқишга қизиқади. Аммо бу қизиқишни ўз манфаати учун қўллаётган интернет нашрини холис ахборот тарқатади дея оламизми? Бўрттириб ёзиладиган сарлавҳалардан фойдаланиб, омманинг онгини бузишдан мақсад нима?
Бундай хабарлар сайтда биринчи бор чиқмаяпти. Игнадек маълумотни туядек қиладиган бу каби сайтлар кимнингдир дардига малҳам бўлиш эмас, балки кичик бир муаммони катта қилиб кўрсатиб ўзини кўз-кўз қилишдан бошқасини билмайди.