Ўзбекистонда карантин қайта жорий қилиниши мумкинми?
Ўзбекистонда карантин қайта жорий қилинадими ёки бу карантин чекловларининг охиргиси эдими?
Ушбу саволга Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Барно Абдусаматова жавоб берди:
15 августдан бошлаб мамлакатда карантин чекловлари енгиллаштирилди. Бу иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда барқарор фаолиятни таъминлаш, шунингдек, аҳоли турмуш шароитларини енгиллатиш учун зарур эди.
Карантин чекловларини енгиллатиш у бекор қилинганини англатмайди.
Коронавирус инфекцияси эпидемиясининг олдини олиш мақсадида Республика махсус комиссияси ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни индивидуал ҳимоя чораларига қатъий риоя қилишда давом этишга чақиради. Жумладан:
- жамоат жойларида албатта ниқоб тақиш;
- ижтимоий масофа сақлаш;
- мунтазам қўлларни ювиш ва антисептик воситалардан фойдаланиш.
Шу кунларда Республика махсус комиссияси юқорида таъкидланган қоидаларга риоя қилмаслик касаллик сонининг такрор ошишига олиб келиши мумкинлигини маълум қилди. Бу эса ўз навбатида қатъий карантин чекловларини қайта жорий этишга сабаб бўлиши мумкин.