Ўзбошимчалик билан қурилган уй-жойларга нисбатан мулк ҳуқуқи расмийлаштирилиши мумкин
Бу тартиб Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Аграр ва сув хўжалиги масалалари қўмитаси томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилган “Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасида акс этган.
Таъкидланишича, бугунги кунга қадар 126 мингдан ортиқ фуқароларнинг рухсатномасиз қурилган уй-жойларга нисбатан эгаликни белгилаш масаласи қонуний ечимни кутмоқда. Шунингдек, кўплаб ҳолатларда фуқароларнинг боғдорчилик-узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойларга ҳамда кичик саноат зоналари ҳудудига жойлаштирилган тадбиркорлик субъектларининг бино ва иншоотларига нисбатан эгалик ҳуқуқи мавжуд эмас.
Шундан келиб чиқиб, маҳаллий давлат ҳокимяти органларининг қарорисиз ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасида қурилган уй-жойлар, бошқа бино ва иншоот ёки кўчмас мулк обектларига нисбатан ҳуқуқни эътироф этиш асослари ва унинг аниқ тартибини белгилаш зарурати мавжуд.
Қонун лойиҳаси билан ер участкаси ва унда қурилган иморатга бўлган ҳуқуқни, шунингдек, якка тартибдаги уй-жой қурилган ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш тартиби белгиланмоқда.
Шунингдек, ортиқча эгалланган ер участкасига, боғдорчилик ва узумчилик ширкатлари ҳудудидаги турар жойлар эгаллаган ер участкасига ижара ҳуқуқини эътироф этиш асослари назарда тутилмоқда.
Лойиҳада ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаси ҳамда унда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқлар эътироф этилган тақдирда, ер участкасини ўзбошимчалик билан эгаллаб олган шахслар маъмурий жавобгарликдан озод этилиши кўзда тутилмоқда.