Паст Дарғомдаги Номсизтепадан антик даврга тегишли суғдийлар тангаси ва сопол буюмлар топилди

Туманда 150 та археология ва архитектура объекти рўйхатга олинган. Объектларнинг аксарияти тепаликлардан иборат бўлиб, милоддан аввалги I асрдан XVIII асргача даврлаштирилган.

Бироқ кўплаб тепаликларга ном берилмаган, баъзиларининг аниқ даври ҳам йўқ, шунингдек, ҳудудда аниқланган янги топилмалар, археология объектлари маданий мерос рўйхатига киритилмаган.

Тумандаги маданий мерос объектларининг ҳолати билан танишиб, бунга амин бўлдик.

- Паст Дарғомда 150 та маданий мерос объекти рўйхатга олинган, лекин бу тўғри эмас, - дейди тарихчи Шарифжон Сахатов. – 2014 йилда Самарқанд археология институти олимлари ва Италия археологлари тумандаги барча тепаликларнинг жойлашуви, ўрни ва тарихини харитага киритиб, уларга ном беришган. Ушбу рўйхатга кўра, туманимизда 300 дан ортиқ тепалик мавжуд. Мисол учун, Хончорбоғ маҳалласида Абдуллоҳ Хожа ибн Дарвеш дафн этилган ва қадимий сағана, унинг қабртоши ёки Қайрағоч қишлоғида дафн этилган Хожа Калон қабртоши ва қадимий қабристон рўйхатга олинмаган. Бундан кўринадики, ҳудуддаги маданий мерос объектларини яна хатлов қилиб, қайтадан рўйхатга олиш керак.

Тепаликларда муҳофаза белгилари ўрнатилмаган

Туманнинг Пахтакор маҳалласида бешта тепалик бор. Шарифжон Сахатов ва шу туманда яшовчи Акмал Ҳамроев маҳалладаги Номсизтепа (халқ тилида Қўрғонтепа) тепалигининг тарихини ўрганиш давомида антик даврга оид суғдийлар тангаси, сопол идишлар ва одам суягининг қолдиқларини топишган. Маълум бўлишича, тепалик антик даврга, яъни милоддан аввалги IV-VI асрларга тегишли бўлиб, қадимда бу жой шаҳар бўлган.

- Тепаликда дастлабки ўрганиш натижасида антик давр билан боғлиқ топилмалар аниқланди, - дейди Акмал Ҳамроев. – Ҳудуд қарийб 25 гектарни эгаллаган бўлиб, маданий мерос рўйхатига киритилган, бироқ муҳофаза белгилари ўрнатилмаган. Шу боис аҳоли томонидан тепаликда қимматбаҳо буюмларни излаш мақсадида қазишмалар олиб бориш, чорва молларининг боқилиши ва шахсий эҳтиёж учун фойдаланиш ҳолатлари кўп учрамоқда. Ёдгорликда археологлар ва мутахассислар тадқиқот олиб борса, нафақат антик, балки бронза ва бошқа даврларга оид топилма ҳамда қимматли маълумотларни топиш мумкин.

Вилоят маданий мерос бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, туманда рўйхатга олинган 147 та археология ва 3 та архитектура маданий мерос объектининг барчаси қониқарсиз ҳолатда. Наҳотки, ўтмишимиз, ўзлигимиз акс этган, ота-боболаримиздан мерос муқаддас қадамжо ва тарихий жойлар ҳеч кимга керак эмас. Маданий мерос агентлиги масъуллари соҳадаги муаммоларга эътибор қаратади, деган умиддамиз.

Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.