Поездларда чипта нархи 50 фоиздан 100 фоизгача ошмоқда

Йўловчи поездлар чипта нархлари 2018 йилда маҳаллий йўналишларда, 2019 йилда юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездида қайта кўриб чиқилган бўлиб, охирги 4-5 йил мобайнида тарифлар ўзгаришсиз қолиб келмоқда.

2019-2022 йиллар ва 2023 йилнинг 9 ойи давомида Республикамизда иш ҳақи миқдори 2.4 баробарга, электр энергияси ва ёқилғи нархларининг, логистика ва транспорт харажатларининг сезиларли даражада ошганлиги, шунингдек, йўловчи вагон паркларини янгилаш, янги поездларни харид қилиш, темир йўл вокзалларини замон талабларига мос равишда сақлашни ҳисобга олган ҳолда чипталар нархига ўзгартиришлар киритилмоқда.

Шу муносабат билан «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ йўловчи ташиш хўжалигидаги йўловчи чипталарни 2023 йилнинг 20 октябр санасидан маҳаллий йўналишлардаги йўловчи поездлари чипта нархларининг тариф қисми 50 фоизга, юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездлари чипталари тўлиқ нархининг 100 фоизга оширилишини маълум қилади.

"Ҳурматли йўловчилар! Темир йўл хизматларидан фойдаланаётганингиз учун ўз миннатдорлигимизни билдирамиз ҳамда темир йўл соҳасида олиб борилаётган ислоҳотларни тўғри қабул қилишингизни сўраймиз!", - деб ёзади «Ўзтемирйўлйўловчи» АЖ ахборот хизмати.