Профилактика инспекторлари маҳаллага ҳисоб берди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 апрелдаги “Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ҳамда 2017 йил 10 апрелда қабул қилинган қарорига кўра, туман, шаҳар ИИБ бошлиқларининг ёшлар масалалар бўйича ўринбосарлари ҳамда вилоятимиздаги 1087 та маҳаллада хизмат олиб бораётган 697 нафар профилактика инспекторлари йилнинг биринчи чорагидаги фаолияти юзасидан маҳаллий кенгашлар ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига ҳисобот берди.
Хусусан, халқ депутатлари Самарқанд тумани Кенгашининг навбатдаги сессиясида туман ИИБ бошлиғи А.Сулаймонов, бошлиқнинг ёшлар масалалари бўйича ўринбосари Р.Хожиев ҳисобот берди. Шунингдек, “Гулбоғ” ва “Қўшкўприк” маҳалла фуқаролари йиғинлари вакиллари ҳудудга хизмат кўрсатувчи профилактика катта инспектори майор Д.Алимовнинг ҳисоботини эшитди.
Ҳисоботларда қайд этилишича, жорий йилнинг биринчи чорагида туманда умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 249 тадан 175 та (29,7 фоиз)га, муқаддам судланганлар томонидан содир этилган жиноятлар 105 тадан 31 та (70,5 фоиз)га, хотин-қизлар жиноятчилиги 92 тадан 62 та (32,6 фоиз)га, ёшлар томонидан содир этилган жиноятлар 361 тадан 200 та (44,6 фоиз)га камайган. Ишсизлар қўл урган жиноятлар ҳам ўтган йилга нисбатан 115 тадан 47 та (61,7 фоиз)га камайишига эришилган.
Шу билан бирга йиғилишда жойларда учраётган жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Депутатлар ва маҳаллалар фаоллари масъулларнинг ҳисоботларини маъқуллаб, уларнинг эгаллаб турган лавозимига лойиқлиги ҳақида тавсиялар қабул қилди.
– Жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида олиб борилаётган ишлар натижасида йилнинг биринчи чорагида вилоятимиздаги маҳаллаларнинг 38 тасида жиноятлар сони камайган бўлса, 882 тасида жиноятлар содир этилишига йўл қўйилмади, – дейди вилоят ИИБ ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси бошлиғи Р.Раҳимов. – Вилоят бўйича умумий жиноятлар ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 28 фоизга (817-587), жиноят қидирув соҳасидаги жиноятлар эса 34,5 фоизга (539-353) камайди. Бунда албатта, профилактика инспекторларининг фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари билан ҳамкорликдаги фаолиятининг аҳамияти катта. Профилактика инспекторларининг ҳисоботларини эшитиш чоғида ана шу ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш юзасидан фикрлар билдирилди.