Путин Федерал мажлисдаги нутқида урушни давом эттиришини айтди
Икки йил ичида Федерал мажлисга биринчи мурожаатини Президент Владимир Путин Украина босқинининг йиллигидан бир неча кун олдин эшиттирди.
Давлат раҳбари Ғарбни можарони қўзғатишда ва кескинлаштиришда яна айблаб, “Москва чин дилдан тинч йўл билан ҳал қилишга интилаганини” айтди.
Путиннинг сўзларига кўра, Россия “махсус ҳарбий операция” (Кремльда Украинага бостириб киришни шундай аташади)ни давом эттиради. “Биз Украина халқи билан урушаётганимиз йўқ, улар Ғарб хўжайинлар гаровига айланган”, деди Россия президенти.
Шунингдек, Путинга кўра, Москва стратегик ҳужум қуролларини қисқартириш бўйича шартномада "иштирок этишни тўхтатади". У Россия ядровий синовларни қайта бошлаши мумкинлигини ҳам инкор этмади. Лекин фақат АҚШ ҳам худди шундай қадам ташласа.
Владимир Путин “чексиз ҳукмронликка интилаётган” Ғарб билан принципиал, мафкуравий қарама-қаршилик ҳақидаги тезисларини такрорлади.
Давлат раҳбари ҳалок бўлган ҳарбий хизматчилар ва кўнгиллиларнинг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатишга чақирди, бироқ россиялик қурбонлар сонига аниқлик киритмади.
Шу билан бирга, президентнинг сўзларига кўра, мисли кўрилмаган санкцияларнинг Россия иқтисодиётига таъсири ўтган баҳорда кутилганидан анча камайди: “Йил охирида ялпи ички маҳсулот 2,1 фоизга камайди, ваҳоланки, қулаш башорат қилинган эди. Иқтисодиётнинг кўплаб тармоқларида, аксинча, мисли кўрилмаган юксалиш кузатилмоқда", деди Путин.