Қора помидорни эшитганмисиз, бинафшарангиничи, балки дарахт помидорни биларсиз, буларнинг барчаси Булунғурда етиштирилмоқда

Туманнинг Гулзор маҳалласида яшовчи Шерали Холдоров 3 йил аввал томорқасининг 1 сотих майдонида иссиқхона ташкил этганди. Ҳозир бу ерда помидорнинг ноёб навларини етиштирмоқда. Хўш, у бундай уруғларни қаердан олган?

- Ҳарбий хизматни Шимолий флотда ўтаганман ва шундан буён ҳар йили хизматдош дўстлар билан кўришиб турамиз, - дейди Ш.Холдоров. – Иссиқхона қурганимни эшитган россиялик дўстим ҳар йили ноёб помидор уруғларини келтириб беради. Ҳозир мўъжазгина иссиқхонамда помидорнинг “Фантазия”, “Золотой купала”, “Иванда Мария”, “Чёрний гроз”, “Банан”, “Киви” каби 450 хил навдаги кўчатларни парваришлаяпман. Бу уруғлардан қора ва бинафшаранг помидор онкологик касалликларни даволайди, юрак томирларини кенгайтиради, кўз нурини равшанлаштиради, буйрак фаолиятини яхшилайди. Ўтган йили эса Тошкентдаги устозим Япониянинг Сапата компаниясининг ҳали вилоятимизда янгилик бўлган “Адриатика F1” навини келтириб берди.

Бундан ташқари, кўп йиллик дарахт помидор ҳам ўстиряпман. Бу навли помидорнинг бир тупидан 7-8 ёшга етганда йилига 1,5 тонна ҳосил олиш мумкин. Шу навдан иссиқхонамда 4 туп бор.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.