Қўшработ жўжаларини кузда санаймиз! Бир ой ичида уларнинг сони бир миллионтага етармикан?!
Бир дона тухум минг сўм бўлса, ундан чиққан жўжа ўртача 5 минг сўмдан сотилади. Айниқса, хонаки товуқ ва унинг тухуми қадри доим баланд бўлган. Буни қўшработликлар яхши билади, аммо улар шу пайтгача бундай товуқ тухумларидан қисқа фурсатда юзлаб жўжа очиришнинг имконини тополмаган. Хонаки товуқ йилига ўртача 250-300 та тухум бериб, бор-йўғи 25-30 та жўжа очиши мумкин экан.
Энди Қўшработда бир хонадонда хонаки товуқ тухумларидан ойига 450-500 та жўжа очириш имконияти яратилди. Туманда Давлат солиқ қўмитаси ҳузурида аҳолига паррандачиликни ривожлантиришга кўмаклашувчи “Лойиҳа офиси” ташкил этилди. Ишсизларни тадбиркорликка кенг жалб этиш орқали бандлигини таъминлаш мақсадида хонаки товуқ етиштириш ва маҳсулотни реализация қилишнинг яхлит тизимини яратиш бўйича тадбирлар амалга оширилмоқда.
- Дастлаб тажриба тариқасида 70 та хонадонга субсидия асосида 50 тадан хонаки товуқ ва 5 тадан хўроз тарқатилди, - дейди “Лойиҳа офиси” раҳбари ўринбосари Элшод Бўриев. - Шунингдек, имтиёзли кредит эвазига 548 дона тухум сиғимига эга инкубаторлар берилди. Ҳар бир хонадонда кунига ўртача 30 та тухум олиш ва бир ойда 450 та жўжа чиқариш имконияти яратилди. Ишсиз ёшларнинг бандлиги таъминланди. Бугун бу ишга қизиқувчилар сафи кенгаймоқда.
- Қўшработ қишлоқ хўжалик касб-ҳунар коллежини битирганимга 10 йилдан ошди, - дейди Қўролос маҳалласида яшовчи Элдор Норқулов. – Ишсиз эдим. Туман давлат солиқ инспекцияси ходимлари таклифи билан 50 та товуқ, 5 та хўроз ва замонавий инкубатор олдим. Бугунги кунда кетма-кет тухумлардан жўжа очириб, уларни сота бошладим. Бошланиши ёмон эмас.
“Лойиҳа офиси” мутахассислари томонидан ҳар бир хонадондаги товуқлар, инкубаторлар ва улардан чиққан жўжалар доимий кузатиб бориляпти. Уларга ўз вақтида ветеринария хизматлари кўрсатилиши ва зарур озуқа етказиб берилиши йўлга қўйилган.
70 хонадонда бу тажриба ўзини оқлагач, кейинги босқичда ушбу тизимни бошқа хонадонларда ҳам жорий қилиш мақсадида яна 200 нафар кишининг рўйхати шакллантирилган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бир инкубаторда ойига ўртача 450 та жўжа очиб чиқарилса, бир йилда 200 та хонадон бозорга 1 миллионта жўжа етказиб бериши мумкин. Бу билан туманда хонаки товуқ етиштиришга ихтисослашган маҳаллалар кластери шаклланади.
Тўлқин Сиддиқов,
Бахтиёр Мустанов.