Раҳбарларга осон бўлмади, ҳисоботлар танқидий муҳокама қилинди

Халқ депутатлари вилоят Кенгашининг эллик еттинчи сессияси ўтказилди.

Сессияни Кенгаш раиси, вилоят ҳокими Э.Турдимов бошқарди.

Дастлаб, бир қатор масалалар, жумладан, халқ депутатлари вилоят Кенгашининг 2021 йил 6 декабрдаги қарорига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақидаги, Самарқанд вилоятида юридик шахслар мол-мулк солиғини ҳисоблашда кўчмас мулкнинг мутлақ қийматига камайтирувчи коэффициентларни қўллаш тўғрисидаги, вилоят маҳаллий бюджетининг қўшимча манбаларидан фойдаланиш ҳақидаги масалалар тасдиқлаб олинди.

Шундан сўнг Самарқанд вилоятини 2022–2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури ва дастурни 2022 йилда амалга ошириш “Йўл харитаси” лойиҳаси муҳокама этилди.

- Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифа ва мақсадлардан келиб чиқиб, Самарқанд вилоятини 2022–2026 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурида ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажмини 390,2 трлн. сўм (1,4 баробар)га, саноат маҳсулотлари ҳажмини 176 трлн. сўм (1,5 баробар)га, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ҳажмини 278,0 трлн. сўм (1,2 баробар)га, хизмат кўрсатиш ҳажмини 254,2 трлн. сўм (2,7 баробар)га, қурилиш ишлари ҳажмини 65,8 трлн. сўм (1,8 баробар)га ошириш кўзда тутилмоқда, – деди мазкур масала юзасидан сўзга чиққан вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов. – Беш йил давомида 2 897,2 километр ичимлик сув тармоқларини тортиш ва реконструкция қилиш ҳисобига аҳолининг ичимлик сув билан таъминланиш даражасини 83,9 фоизга, оқова сув тизими билан қамров даражасини 35,6 фоизга етказиш, 25,5 минг хонадонли 784 та кўп қаватли уй қуриш режалаштирилмоқда. Ишсизлик даражасини 9,7 фоиздан 6,2 фоизга тушириш, 1732 та оилани қамбағалликдан чиқариш, 241,5 минг кишининг бандлигини таъминлаш вазифалари дастурга киритилган.

Дастурда кўзда тутилган ҳудудларнинг ихтисослашуви, вилоятни 2022 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.

Депутатлар дастур ва “йўл харитаси”ни тасдиқлаш учун Вазирлар Маҳкамасига киритишга қарор қилдилар. Мазкур ҳужжатлар тасдиқланганидан сўнг, беш йил давомида амалга ошириладиган режа ва мақсадлардан аҳолини оммавий ахборот воситалари орқали хабардор қилиб бориш зарурлиги таъкидланди.

Сессияда вилоятдаги турли соҳа ва тармоқларда олиб борилаётган ишлар, Президент фармон ва қарорларининг ижроси юзасидан масъулларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Хусусан, вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов вилоятда ёшлар муаммоларини ўрганиш ва ҳал этишга кўмаклашиш, ёш авлоднинг истеъдод ва қобилиятини ривожлантириш бўйича қўшимча шароитлар яратиш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисида, вилоят ҳокимининг хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳатчиси С.Жумаева давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 мартдаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси юзасидан ҳисобот берди.

Депутатлар мазкур ҳисоботларни маъқуллаган ҳолда ушбу йўналишлардаги ишларни такомиллаштириш юзасидан ўз таклифларини билдирдилар, ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.

Хусусан, “Ёшлар дафтари”га киритилиб, белгиланган тартибда моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилган ёшларнинг кейинги тақдири билан қизиқиш зарурлиги таъкидланди. Асбоб-ускуна ёки кредит берилиб, “дафтар”дан чиқарилган ёшларнинг ҳаммаси ҳам ҳаётда ўз йўлини топиб кета олмаётгани, уларни, аввало, мустақил ҳаётга тайёрлаш зарурлиги қайд этилди.

- Ҳеч кимга сир эмас, бугун кўплаб ота-оналар фарзандини яқинларига ташлаб хорижда ишлаяпти, - дейди депутат Д.Облоқулова. – Табиийки, улар психолог ёрдамига эҳтиёж сезади. Лекин бугун мактабларимизда ёшлар етакчиси лавозими ҳам қисқарди. Инспектор психолог штати эса жуда кам ва уларга бир нечта мактаб бириктирилган. Шу сабабли психологлар учун қўшимча штатлар ажратиш масаласи ўйлаб кўрилса яхши бўларди.

Вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов бу таклифни маъқуллаб, тегишли идоралар билан биргаликда ўрганиб чиқилишини айтди.

С.Жумаевага депутатлар “Аёллар дафтари”даги хотин-қизлар фаоллигини ошириш ва уларни боқиманда бўлиб қолишдан асраш, жазони ижро этиш муассасаларидан қайтган аёлларга эътиборни кучайтириш, хотин-қизлар учун реал иш ўринларини кўпайтириш, истеъдодли қизлар билан ишлаш, оилавий ажримларнинг олдини олиш юзасидан таклиф ва тавсияларини билдирдилар. Бу ишларни қуйидан бошлаш зарурлиги таъкидланди.

Вилоят қурилиш бош бошқармаси бошлиғи Л.Ҳамидов вилоят ҳудудларида шаҳарсозлик норма ва қоидаларига риоя этилиши аҳволи тўғрисидаги ҳисоботида “Шаффоф қурилиш” миллий ахборот тизими жорий этилгач, соҳада кўплаб ижобий ўзгаришлар бўлгани, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси инспекторлари самарали фаолият олиб бораётганини қайд этди. Бугунги кунда электрон тизимда 2642 та объект рўйхатга олингани ва уларда 8508 та мониторинг ишлари ўтказилиб, аниқланган камчиликлар юзасидан кўрсатмалар берилган таъкидланди. Кўрсатмалар ижроси таъминланмагани учун 63 ҳолатда маъмурий баённомалар расмийлаштирилгани айтилди.

Аммо депутатлар бошқарма бошлиғи ҳисоботидаги рақамларни тинглаб ўтириш билан чекланмади. Аниқ мисоллар асосида жойларда ноқонуний қурилишлар давом этаётгани, қурилиш ишларининг сифати пастлиги ҳақида эътирозларини билдирди.

Жумладан, Самарқанд шаҳрида аксарият янги объектлар атрофида автомобиллар учун жой ажратилмагани, янги қурилган пиёдалар йўлакларининг яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, Нуробод туманида ўтган йил фойдаланишга топширилган таълим муассасасидаги камчиликлар ҳақида бошқарма бошлиғи ва масъуллардан жавоб сўралди.

Депутат Б.Насриев эса Самарқанд шаҳридаги Геологлар маҳалласида шаҳар ҳокими қарори билан биринчи қаватини маҳалла фуқаролар йиғинига ажратиш ва иккинчи қаватида маиший хизмат кўрсатиш фаолиятини йўлга қўйиш шарти билан қурилишига рухсат берилган бино бугунги кунда тураржой сифатида қурилаётгани, бу ҳақда бошқармага мурожаат қилган бўлса-да, ҳалигача қурилиш ишлари тўхтатилмаганидан эътироз билдирди. Шаҳарнинг “Давлатшоҳ Самарқандий” ва “Машъал” маҳаллаларида ҳам ана шундай ҳолатларга йўл қўйилганини танқид қилди.

Депутатлар томонидан қайд этилган барча масалалар юзасидан бошқарма бошлиғи ва соҳа масъулларига топшириқ берилиб, ҳар бир объектни ўрганиш ва унинг натижаси асосида чоралар кўриш бўйича вазифалар белгиланди.

Вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи М.Ибодуллаевнинг вилоят ташкилотлари фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш юзасидан амалга оширилган ишлар тўғрисидаги, ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш ҳудудий бошқармаси бошлиғи Д.Хўжамбердиевнинг ахборот технологиялари соҳасида амалга оширилган ишлар, шунингдек, аҳолининг интернет тармоқларидан эркин ва тезкорлик билан фойдаланишига оид қонунчилик ҳужжатлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботлари ҳам танқидий муҳокама қилиниб, бир қатор таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Бу галги сессия ҳам онлайн тарзда ижтимоий тармоқлар орқали намойиш этилиши билан бирга ушбу жараённи кузатиб борган аҳолининг фикрлари, саволларига эътибор қаратилиб, ҳисобот берган раҳбарлардан изоҳ сўралди.

Сессияда муҳокама этилган масалалар юзасидан қарорлар қабул қилинди.