Россия Қурилиш вазирлиги қурилиш объектларида ишларни мигрантларсиз эплаши мумкинлигини айтди. Аслида-чи?
Қурилиш вазирлиги раҳбари Ирек Файзуллин Россиянинг исталган минтақаси қурилиш объектларида мигрантларсиз ишлашга тайёрлигини маълум қилди. Аммо бунинг учун аввало, соҳада кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш керак, деди у РИА Новостига.
“Албатта, минрантларсиз ҳар бир вилоят ишлай олади. Аммо бунга яхши тайёргарлик кўриш, кадрлар тайёрлаш керак. Ва, фақат мутлақо тайёр ҳолда ўз кучи билан иш бошлашга киришса бўлади», деди вазир.
Файзуллиннинг сўзларига кўра, мигрантлар сонини қисқартириш бир кунлик иш эмас. Чунки бу меҳнат унумдорлигининг ошиши ва кадрлар тайёрлаш сифатига боғлиқ.
Ваҳоланки, ноябрь бошида Москва мэри Сергей Собянин аслида йирик коммунал хизматларда муҳожирлар деярли мавжуд бўлмаса-да, пойтахтдаги туман коммунал хизматлари корхоналарида уларнинг сонини камайтиришга қаратилган захира борлигини айтган эди. “Улар давлат бюджет ташкилотларида – қора меҳнат ва кам ҳақ тўланадиган жойларда қолган, холос. Аммо у ерда ҳам менимча, захирага ўрин бор", дея таъкидлади Собянин.
Россияда ишчи кучи танқислиги - муаммо
Россия ҳукумати 2021 йилда миграциянинг ўсиш суръати прогнозини деярли икки бараварга оширди – 14,3 дан 27,3 гача. Шундай қилиб, Россиядаги хорижликлар сони 398 минг кишига кўпайиши мумкин. Бу сўнгги 25 йилдаги рекорд кўрсаткичдир. Буни 2024 ва 2030 йилгача бўлган давр учун миллий ривожланиш мақсадларига эришишнинг ягона режаси маълумотлари асосида “Известия” томонидан тайёрланган ҳисоб-китоблар тасдиқлайди.
Шу билан бирга, минрантларнинг реал ўсиши прогноздагидан паст бўлади, дейди экспертлар. “Ўйлайманки, агар декабрда келганлар сони кескин ўсмаса, миграция ўсиши 300 минг атрофида қолади”, деди Олий Иқтисодиёт мактаби қошидаги Демография институти етакчи илмий ходими Никита Мкртчян.
Унинг фикрича, 2020 йилнинг паст кўрсаткичи ҳаракатланиш чекловлари билан боғлиқ бўлса, 2021 йилга келиб чегаралар очилиши ҳисобига ўртача компенсацион ўсиш кузатилди. Тожикистон ва Ўзбекистондан миграция оқими қисман тикланган бўлса-да, кузда кутилган кескин ўсиш бўлмади. Мутахассиснинг таъкидлашича, Россияда ишчи кучи танқислиги ҳали ҳам муаммолигича қолмоқда.
Шундай қилиб, республика Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг 2,5 миллионга яқин фуқароси меҳнат миграциясида. Шулардан қарийб 2 миллиони Россияда меҳнат қилмоқда.