Самарқандда 10 ойда 170 миллион доллар инвестиция ўзлаштирилди

Ҳозиргача вилоятимизда хорижий инвестициялар иштирокида 500 дан ортиқ корхона ташкил этилган. Биргина, 2019 йилнинг ўтган 10 ойида 170 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилди.

Инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва муаммоларига ечим топиш мақсадида ҳафтанинг чоршанба кунлари “Инвестиция куни” тадбирлари ўтказилиб, ҳозиргача 300 дан ортиқ мурожаат қабул қилинди ва ҳар бир масала тезкорлик билан ҳал этилмоқда.

Бу тўғрисида вилоят Матбуот уйида вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Ходжаев иштирокида ўтказилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

- Ургут эркин иқтисодий зонасида 59 инвестор томонидан 228,4 миллион долларлик 67 та лойиҳа ишга туширилиши ҳисобидан 4489 та янги иш ўрни яратилиб, 348 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда, - дейди О.Ходжаев. - Шундан 45 миллион долларлик товарлар экспортга чиқарилиши белгиланган. Ҳозиргача 112,5 миллион доллар сармоя киритилиб, 35 та лойиҳа ишга туширилди. Йилнинг ўтган 10 ойида мазкур корхоналарда 618 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилиб, 19,1 миллион долларлик товарлар экспортга чиқарилди.

Албатта, сармоя киритиш истагидаги тадбиркор тайёр бинода ишлаб чиқаришни бошлашни истайди. Шунинг учун вилоятимиздаги 2755 та бўш турган бинолар хатловдан ўтказилиб, хусусий мулкдорларга тегишли бўлган 1048 та объектни ишга тушириш учун қиймати 1 триллион 268 миллиард сўмлик инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилди. Ҳозиргача ушбу объектларда 378 миллиард сўмлик 495 та лойиҳа фойдаланишга топширилиши ҳисобидан 2 мингга яқин янги иш ўринлари яратилди.

Ў.ХУДОЙБЕРДИЕВ.