Самарқандда балиқ етиштириш имкониятлари қандай?
Ҳозирда вилоятда 443 та хўжалик балиқчилик билан шуғулланади ва улар тасарруфида 11,6 минг гектар балиқ ҳавзаси мавжуд. Ҳавзаларнинг 1957 гектари сунъий майдонни ва 9 минг гектар табиий ҳавзани ташкил этади.
Вилоят Матбуот уйида ўтказилган матбуот анжуманида “Самарқандбалиқсаноат” масъулияти чекланган жамияти директори Ғолиб Негматов вилоятимизда балиқчиликни ривожлантириш истиқболлари ва мавжуд имкониятлар ҳақида маълумот берди.
Жорий йилда вилоятда балиқ етиштириш ҳажмини 37 тоннадан 48 тоннагача етказиш режалаштирилган. Хўш, бу натижага қандай эришилади?
- Балиқ етиштириш ҳажмини оширишда асосий омил озуқа таъминоти ҳисобланади, - дейди Ғ.Негматов. – Вилоятимизда етиштириладиган балиқ учун 80 минг тонна омухта ем талаб этилади ва 20 та ем ишлаб чиқарувчи корхонанинг йиллик қуввати 767 минг тоннани ташкил этади. Йиллик балиқлантириш (чавоқ) талаби ўртача 11,8 минг гектар майдонга 1,2 миллиард дона бўлиб, 6 та инкубация цехининг 11 гектар майдонида 1,4 миллиард дона чавоқ тайёрланмоқда.
Ўтган йили қиймати 31,5 миллиард сўмлик 21 та лойиҳа амалга оширилиб, 43 гектарда интенсив балиқ ҳавзаси ташкил этилди ва 153 та иш ўрни яратилди. Жорий йилда эса қиймати 41 миллиард сўмлик 54 та дастлабки лойиҳалар амалга оширилиб, 110 гектар майдонда интенсив ҳавза ва 257 та иш ўрни ташкил этилади. Мавжуд балиқчилик хўжаликларида 1322 гектар майдонда 26,4 миллиард сўмлик 5287 та аэратор – ҳовузларда балиқларни кислород билан таъминлаш ускунаси ўрнатилди. Натижада ҳозиргача ушбу майдонлардан 4-5 минг тонна балиқ овланган бўлса, аэраторлар ўрнатилиши билан ўртача ҳосилдорлик 100-150 центнерга етиб, ялпи ҳосил 3-4 баробар ортди.
Маълумотларга кўра, аҳоли хонадонларида балиқ етиштиришда ҳозирги кунда 218 та оилада кичик ҳовузлар ташкил этилган. Жорий йилда 7264 хонадонда кичик балиқ ҳавзалари ташкил этилади ва 7,2 мингдан ортиқ фуқаро иш билан таъминланади. Бу эса қўшимча 6-8 минг тонна балиқ етиштириш имконини беради.