Самарқандда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги йўлида олиб борилаётган ишлар таҳлили қониқарлими?
Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд вилояти ҳокимлиги ахборот хизмати, вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси вилоят бўлими томонидан тасдиқланган режага кўра навбатдаги матбуот анжумани вилоят ҳокимининг ўринбосари Дилшод Мамадқулов иштирокида ўтказилди.
Вилоят матбуот уйида бўлиб ўтган анжуманда дастлаб Д.Мамадқулов вилоятимизда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини сақлаш, диний вазиятни соғломлаштириш, миллий ва умуминсоний қадриятларни асраб-авайлаш, миллатлар ўртасида ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат ришталарини мустаҳкамлаш ҳамда оилаларда соғлом муҳитни шакллантириш, ёшларни мафкуравий таҳдидлардан ҳимоя қилиш, уларни ҳар томонлама баркамол этиб тарбиялаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берди.
- Бугунги кунда вилоятимизда 11 та миллий маданий марказлари эмин-эркин ва ўзаро ҳамжиҳатликда фаолият кўрсатмоқда, - дейди Д.Мамадқулов. – Улар халқимиз билан бирга “Чегара билмас дўстлик” шиори остида дўстлик анжуманлари, “Ўзбекистон – бағрикенг диёр”, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” номли фестиваллар ўтказмоқда. Вилоятимизда тожик, рус, қозоқ, немис тилларига ихтисослашган мактаблар кўп, рус ва тожик тилларида газета чоп этиляпти, вилоят телевидениесида тожик тилида кўрсатуви эфирга узатилмоқда, радиоэшиттиришлар бериб борилмоқда, рус драма театрида саҳна асарлари тайёрланмоқда. Буларнинг барчаси миллатлараро дўстлик, ўзаро ҳамжиҳатликка қаратилган.
Матбуот анжумани давомида вилоятда ижтимоий ҳаётнинг деярли барча қатламларини қамраб олган 829 та нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолият кўрсатаётгани, улар томонидан давлат дастури доирасида белгиланган вазифалар амалга оширилаётгани, жамиятда учраётган камчилик ва муаммоларни бартараф этишда уларнинг ҳам фаоллиги аниқ мисоллар билан айтиб ўтилди.
Матбуот анжумани давомида журналистлар Имом Бухорий халқаро илмий тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон Ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш марказининг Самарқанд вилояти минтақавий филиали фаолияти ҳақида ҳам маълумотларга эга бўлишди. Саволларига батафсил жавоблар олди.
Акрам БЎРИЕВ.