Самарқандда маҳалла, корхона-ташкилотлар «Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига 28 кўчат - бизнинг туҳфамиз» шиори остида боғ яратмоқда
Шу йилнинг 11 мартидан 20 апрелига қадар мамлакатимизда кўкаламзорлаштириш, мева ва манзарали дарахт кўчатлари экиш бўйича "Долзарб 40 кунлик" эълон қилинди.
Вилоят ҳокимлиги ушбу хайрли ташаббусни тизимли ҳамда самарали ташкил этиш бўйича чора-тадбирлар белгилади.
Унда туман ва шаҳарлардаги хиёбонлар, марказий кўчалар, маҳалла ва қишлоқлар, ижтимоий соҳа объектлари ва бошқа ташкилот ҳудудларига дарахт ва гул кўчатлари ўтқазиш ишларини сифатли олиб бориш лозимлиги таъкидланди.
– Одамларимиз кўчат ўтқазишни хуш кўради, аммо мутахассислар ер тайёрлаш, уларга сифатли дарахт кўчатлари етказиб бериш, уни қаерга ва қандай экиш бўйича шароит яратиши ва тавсияларини бериши зарур, – деди вилоят ҳокимининг ўринбосари А.Нурқулов. – Шундан келиб чиқиб, вилоят ўрмон хўжалиги бошқармаси аҳоли ва корхоналарга яқин ҳудудларда, бозор ва қулай манзилларда кўчат сотиш нуқталарини ташкил этиши ва зарур тавсияларни бериши, экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассислари гулзорлар ташкил этиш, ободончилик ва кўкаламлаштириш борасидаги ишларни тизимли равишда бажаришлари лозим.
Долзарб 40 кунлик давомида "Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 28 йиллигига 28 кўчат – бизнинг туҳфамиз" шиори остида ҳар бир туман ва шаҳарда 5 гектардан 15 гектаргача майдонда мевали ва манзарали дарахт кўчатлари ўтқазиб, боғлар барпо этилади. Ўтқазилган кўчатлар ва мaвжудлaрини сифатли парваришлаш, чорва молларидан асраш, шунингдек, ушбу хайрли тадбирни уюшқоқлик билан ўтказиш бўйича вазифалар белгиланди.
Акрам БЎРИЕВ.