Самарқандда «Шарқ тароналари» фестивали бу йил қандай ўтади?

Самарқанднинг улуғвор Регистон майдонида 26-30 август кунлари ўн иккинчи бор «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали ўтказилади. Йилдан йилга нуфузи ошиб бораётган ушбу фестиваль нафақат юртимизда, балки хорижда ҳам машҳур санъаткорлар, олимлар, халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда. Бу эса биздан фестивалга юқори савияда тайёргарлик кўриш, ғоялар билан бойитиш, иштирокчиларга Ўзбекистоннинг бой маданий ва маънавий меросини ўзига хос тарзда намойиш этиш масъулиятини юклайди. 2017 йилда ўтказилган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалида нуфузли санъаткорларнинг иштироки, Регистон майдонининг бетакрор саҳнаси, иштирокчиларнинг туманларда уюштирган концерт дастурлари барчага унутилмас лаҳзалар ҳадя этганди. Хўш, бу йилги фестивалда қандай ўзгаришлар амалга оширилади? Самарқанд шаҳрида тайёргарлик жараёнлари қандай олиб борилмоқда?

- 2019 йил 25 апрелда Вазирлар Маҳкамаси томонидан «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалини ўтказиш тартиби тўғрисида қабул қилинган низомга кўра, бу йил фестивални ўтказиш бўйича бир қатор янгиликлар қилинди, - дейди «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивали дирекцияси ижрочи директори Фарҳод Жўраев. -  Низомга кўра, бу йил танлов иштирокчиларининг чиқишлари икки йўналиш - анъанавий халқ мусиқаси ва қўшиқ ҳамда замонавий композиторлар томонидан яратилган мусиқа ва қўшиқ йўналишларида баҳоланади. «Энг ёш иштирокчи», «Мухлислар эътирофига сазовор бўлган энг яхши иштирокчи», «Энг яхши чолғу мусиқаси ижрочиси» каби номинацияларда ҳам иштирокчилар махсус диплом ҳамда 500 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланади. Нафақат Самарқанд, балки Ўзбекистоннинг гавҳари бўлган Регистоннинг бадиий кўриниши сақланган ҳолда, Шердор ва Улуғбек мадрасаларининг ёнида юртимизнинг 14 ҳудуди учун павильонлар қурилади.



Келган санъаткорлар, фахрий меҳмонлар ва фестиваль иштирокчилари фақатгина Самарқанд ҳақида эмас, бошқа вилоятлар маданияти, санъати ҳақида ҳам маълумотга эга бўлади. Масалан, Хоразм ўзининг Ичан қалъаси, Бухоро Арки, Қашқадарё Оқсаройи билан машҳур. Ушбу павильонларда ҳар бир вилоят ўз анъана ва урф-одатлари, тарихини намойиш этиши белгиланган. Шунингдек, фестивалда 80 дан ортиқ давлатлар, 30 та хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этиши кутилмоқда. Фестиваль доирасида ўтказиладиган “Шарқ халқлари анъанавий мусиқа санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида халқаро илмий-амалий конференцияда хорижлик ва маҳаллий таниқли мусиқашунос олим ва мутахассислар ҳамда тадқиқотчилар ўз маърузалари билан қатнашади. Бу йил ҳам ушбу халқаро мусиқа байрамига ўзига хос тарзда тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.

Регистон ўзининг салобати, тарихий аҳамияти билан дунёга машҳур бўлган жой. Фестивалнинг айнан Самарқандда ўтказилиши ҳам бежиз эмас.  Ушбу майдонда фестивалга тайёргарлик жараёнлари аллақачон бошланган. Ҳозирда майдон ўртасида катта саҳна ўрнатиш ишлари олиб бориляпти. Шунингдек, Тиллакори мадрасасининг гумбази реставрация қилинмоқда.

- Тиллакори мадрасасининг катта гумбази моҳир усталаримиз томонидан хатаба усулида таъмирланяпти, - дейди Регистон ансамбли мустақил дирекцияси раҳбари Беҳруз Маъруфий. – Кошинлар ҳам замонавийсига алмаштирилмоқда. Олдинги кошинлар етти сантиметрли лойдан ясалган, оғирлиги бир кило бўлган бўлса, ҳозиргиси махсус технологиялар асосида чиннидан ясалган, ранги ўчмайдиган кошинлар билан безатилади. Тиллакори мадрасасининг катта гумбази август ойларининг охиригача битказилиши режалаштирилган. Шунингдек, Мирзо Улуғбек ёзги масжид галереясида ҳам халқаро конференцияларни ўтказиш учун таъмирлаш ишлари олиб бориляпти. Бу йил ўтказиладиган «Шарқ тароналари» халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик доирасида Регистон майдони атрофидаги гуллар қайта экилиб, йўлаклар таъмирланади. Ногиронлиги бўлган шахслар учун қулайлик яратиш мақсадида махсус йўлаклар ташкил этилди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.