Самарқандда учинчи бор “Navro'z Regata” халқаро фестивали ўтказилди
“Silk Road Samarkand” туристик марказининг “Боқий шаҳар” мажмуасида “Наврўзни улуғлаш — инсонни улуғлашдир!” деган эзгу ғоя остида Наврўз умумхалқ байрами тантанали нишонланди.
Тадбир доирасида анъанавий тарзда учинчи бор ташкил этилаётган “Navro‘z Regata” халқаро фестивали байрам сайилларига ўзгача шукуҳ бағишлади.
Мазкур тадбир Самарқанд халқаро технология университети (SIUT) ташаббуси билан Хитой Халқ Республикасининг Шимоли-Шарқий энергетика университети (NEEPU), “Silk Road Samarkand” маркази ҳамда “STEKLOPLASTIK” масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилди.

Фестивалнинг энг кутилган қисми — мажмуа сув ҳавзасида “Dragon boat” (Аждар-қайиқлар) қайиқларининг тантанали сузиши бўлди. Ушбу спорт тури ва қадимий анъаналарнинг уйғунлашуви нафақат юртдошларимизда, балки кўплаб хорижлик сайёҳларда ҳам катта қизиқиш уйғотди. Сув юзасидаги шиддатли ҳаракатлар ва жамоавий жипслик баҳорнинг жўшқин энергиясини намойиш этди.
Байрам сайли давомида халқаро дўстлик ришталари яққол намоён бўлди. Дастур доирасида ўзбек, хитой ва корейс халқларининг анъанавий ўйинлари ва мусобақалари, театрлаштирилган томошалар, варраклар шоуси ҳамда болалар учун мўлжалланган аттракционлар, дошқозонларда сумалак ва палов тайёрлаш каби тадбирлар ташкил этилиб, меҳмонлар шарқона таомлардан баҳраманд бўлишди.

Учинчи бор анъанавий тарзда ўтказилаётган ушбу лойиҳа нафақат спорт ва кўнгилочар дастур, балки миллатлараро дўстлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи муҳим майдонга айланди. Самарқанднинг тарихий ва замонавий қиёфаси уйғунлашган ушбу тадбир барча иштирокчилар қалбида унутилмас хотиралар қолдирди.