Самарқандда яна кредит маблағларини ўзлаштириш ёки растарата йўли билан талон-торож қилиш ҳолати аниқланган

Аввалроқ ҳам шунга ўхшаш бир нечта ҳолат ҳақида айтилганди. Бош прокуратура ҳузуридаги Дeпартамeнт органлари томонидан амалга оширилган тадбирда яна иккита ҳолат аниқланган.

Хусусан, Департаментнинг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан Халқ банки Самарқанд вилояти амалиёт бўлимининг мурожаатига асосан ўтказилган терговга қадар текширувда, ушбу бўлим масъул шахслари кредит ва унга тенглаштирилган операциялар бўйича таъминотни танлаш ва қабул қилиш тўғрисидаги талабларга амал қилмаганликлари оқибатида “J.Ch.” МЧЖга савдо ва айланма маблағларини тўлдириш учун ажратилган 1,8 млрд. сўм кредит маблағлари мақсадсиз сарфланиб, ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилинганлиги аниқланган.

Шу каби, Департаментнинг Пайариқ туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда, “P.I.” МЧЖ иш бошқарувчиси М.Э. ҳудудий тижорат банки филиалидан имтиёзли шартлар асосида 6 нафар фуқарога ажратилган 166,7 млн. сўм кредит маблағи эвазига наслли чорва молини етказиб бермасдан, кредит маблағларини ўзлаштирганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.