Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Самарқанддаги картошкачиликка ихтисослашган маҳаллаларда Хитой тажрибаси асосида хомашё етиштирилади ва қайта ишланади

Хабар қилганимиздек, шу кунларда Самарқанд вилояти ва бир қатор туман ҳокимлиги вакиллари, бошқармалар бошлиқлари, туризм соҳаси вакилларидан иборат делегация Хитой давлатида бўлиб турибди.

Бугун делегация аъзолари дастлаб Гуанжоу шаҳрида бўлаётган 133-Халқаро Кантон кўргазмасида иштирок этди. Бу ерда вилоятимиздаги маҳаллалар драйверларидан келиб чиқиб, инвесторларни жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.
Шундан сўнг самарқандлик ва хитойлик мутахассис ва тадбиркорлар "Snow Valley Agricultural Group" компаниясига қарашли дала майдонида бўлишди.
- Ушбу корхона 20 минг гектар ер майдонида картошка экиб, етиштирилган хом ашёни ўзлари тўлиқ қайта ишлар экан, - дейди вилоят камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси бошлиғи Исроил Жабборов. - Эътиборлиси, бу картошкаларнинг ҳосилдорлиги ҳар гектаридан 50 тоннагачани ташкил этаркан. Биз бу ерда картошкани экиш, ўзига хос парвариш қилиш, йиғиб олиш жараёнлари билан яқиндан танишдик. Шунингдек, конвейер асосида картошкани қайта ишлаб чиқариш, яъни чипс тайёрлаш жараёнлари билан танишдик ва бу тажрибаларни вилоятимиздаги картошкачилик билан шуғулланадиган маҳаллаларда қўллаш бўйича келишувга эришдик.