Самарқандликларни сув билан таъминлаётган иншоотлар қачон қурилган?
Самарқанд шаҳар аҳолисига “Даҳбет” ва “Чўпон ота” сув иншоотлари орқали ичимлик суви етказиб берилади.
“Даҳбет” сув иншооти 1928 йилда, “Чўпон ота” сув иншооти 1931 йилда қурилган. Тизим масъулларининг айтишича, бугунги кунда иншоотлардаги насос ва ускуналар маънан эскириши натижасида бугунги кунда тизимда сезиларни носозликлар юзага келмоқда.
Умуман, вилоятдаги ичимлик суви олиш иншоотларининг лойиҳавий қуввати суткасига 1419,8 минг метр куб бўлиб, мавжуд 1658 та, амалда 469,5 минг метр куб (34 фоиз) қувват билан ишламоқда.
Мавжуд 1658 та ичимлик суви олиш иншоотларидан 656 таси, 1872 та сув қудуқларидан 675 таси, 4,8 минг километр ичимлик сув тармоқларидан 1,1 минг километри таъмирталаб ҳолатга келган.
Сув таъминоти иншооти ва тармоқларининг аксарияти 1960-1970 йилларда қурилгани учун тизим шундай ҳолатга келиб қолган.
Эслатиб ўтамиз, вилоятда 2020 йил 1 январь ҳолатига 66,8 фоиз аҳоли марказлашган ичимлик суви билан, 33,2 фоиз аҳоли бошқа манбаалар ҳисобидан (качалка, булоқ, сой, ариқ ва махсус транспорт воситалари) ичимлик суви билан таъминланган.
Вилоятда ичимлик сув ва оқова тизимларини қуриш ва реконструкция қилиш учун 2020 йилда барча манбаалар ҳисобидан жами 300 миллиард сўмдан ортиқ маблағлар ҳисобидан 99 та сув (шундан, 4 та оқова) иншоотлар ва 432,1 километр (шундан, 83,2 километр оқова) тармоқларни қуриш ва реконструкция қилиш ишлари амалга оширилмоқда.