СамДТИ ўқитувчилари Американинг Питтсбург университетида малака оширади
Самарқанд давлат тиббиёт институти 2020 йилда AҚШнинг нуфузли университетларидан ҳисобланувчи Питтсбург университети билан ҳамкорлик қилиш бўйича келишувга эришилган эди. Ушбу келишув доирасида Питтсбург университети делегацияси кеча Самарқанд давлат тиббиёт институтида бўлди.
Делегация вакиллари ҳамкорлик доирасида институтдаги ўқув жараёни, илмий тадқиқотлар олиб борилишини халқаро стандартлар даражасига олиб чиқиш юзасидан фикрлар билдирди. Бу борада аниқ таклифлар ва тажриба алмашиш ҳақида келишиб олинди. Мазкур ташриф доирасида Самарқанд давлат тиббиёт институти ва Питтсбург университети ўртасида ўзаро ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Унга кўра, келажакда Самарқанд давлат тиббиёт институти ўқитувчилари Американинг Питтсбург универститетида малака оширади.
- Самарқанд давлат тиббиёт институтида олиб борилаётган ўқув жараёни, илмий-тадқиқот ва даволаш ишлари билан танишиб, бу олийгоҳнинг келажаги ҳақида ижобий фикрлар айтиш мумкин, - деди делегация раҳбари, профессор Маргарет Мак Дональд. - Питтсбург университетидаги замонавий тиббий таълим жараёни ва илмий-тадқиқот ишларидаги кўпгина ютуқларни Самарқанд давлат тиббиёт институти амалиётига жорий этиш бўйича бугунги учрашувда келишувга эришдик. Жумладан, ўқув жараёнига симуляцион технологияларни, лабораториялар ишини тўғри ташкил этишни, ўқув услубиётидаги ютуқларни тадбиқ қилишни режалаштиряпмиз.
Маълумот учун: 1787 йилда ташкил этилган Питтсбург университети 17 та коллеж ва мактабдан иборат бўлиб, унда 35 мингдан зиёд талаба таҳсил олмоқда. Питтсбург университетининг тиббиёт факультети нафақат AҚШнинг, балки жаҳоннинг юқори рейтингли тиббиёт университетлари қаторидан жой олган.