Сел тошқини сабоқ бўлдими?

Ҳамманинг хабари бор, баҳордаги серёғин кунларда нафақат вилоят, ҳатто айрим туман марказларида ҳам ариқ ва каналлардаги сувларни бошқаришда тўпланиб қолган камчиликларимиз аён бўлиб қолди. Тўғри, тезкор чора кўрилиб, вазият бартараф этилди.

Президент кўрсатмаси асосида Самарқанд шаҳар ҳокимлиги ободонлаштириш бошқармаси қошида айнан сув йўлларини тартибга солувчи бўлинма ташкил этилди. Вилоят ҳокимлигидаги йиғилишда бу бўлинма фаолияти муҳокама этилди. Ариқ ва каналларни тартибга келтириш, улар атрофини ноқонуний қурилган бинолардан тозалаш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берилди.

Майли,  бу топшириқлар вақти келиб сўралар, ижро ҳам бўлар. Аммо метеорологлар қисқа муддатда яна серёғин кунлар бўлишини айтмоқда. Биз эса сел оқибатларини тугатишдан нарига ўтмаяпмиз.

Мен бу гапни бежиз айтмаяпман. Амалдаги қонунларда ариқ ва каналлар қирғоғида 12 метрлик ҳудудда инспекторлик хизмати йўлга қўйилиши белгиланган. Лекин қирғоқку майли, биз каналлар устига ҳам иморат қуриб олдик. Йиллар давомида ариқлар бинолар орасида қолиб кетди, ҳатто оқова сув ва ҳожатхоналарни ҳам тарихий ариқларга бошқариб қўйдик.

Ишонинг, ҳозир ҳам аҳвол ўзгарган эмас. Аксинча, олғир кимсалар ноқонуний иморатларни аллақачон «қонунийлаштириб» олишди. Биламан, йиғилиб қолган муаммони битта қарор ёки ҳаракат билан ҳал қилиб бўлмайди. Аммо мени бир ҳолат ташвишга соляпти.

Нега биз ноқонуний иморат эгалари билан жамоатчилик иштирокида суҳбатлашмаймиз? Нега шаҳар ва айрим туманлар марказларидаги кўмилиб ёки кичрайиб қолган ариқлар, каналлар тақдирини жамоатчилик билан муҳокама қилмаймиз? Нега бу ҳақда ижтимоий тармоқларда, ҳокимликлар веб-сайтларида, газета, телевидениеда бонг урмаймиз? Ариқлар қирғоқларини ободонлаштириш бўйича архитекторлар ўртасида нега танлов эълон қилмаймиз? Нега аҳоли ўртасида ижтимоий сўровлар уюштирмаймиз?

Ҳатто сайтимизда ва «Зарафшон» газетасида шу йил 22 август, 106-сонида чоп этилган «Сув йўллари қачон тартибга тушади?» сарлавҳали мақолам юзасидан ҳам на мутасаддилардан жавоб олдик, на жамоатчилик муносабат билдирди.

Бу ишни битта ташкилот гарданига ташлаб қўйиш билан иш битмайди. Токи ҳар бир самарқандлик ўз маскани, ўзи яшаб турган жойни обод, фаровон қилишни асосий бурч деб англамас экан, биз бу борада кўнгилдагидек натижага эриша олмаймиз.

Демоқчиманки, ўз шаҳримиз, ўз маҳалламиздан ўтувчи, ерга жон, бизга гўзаллик бағишловчи ариқларни ҳурмат қилишни ўрганайлик. Сиз нима дейсиз?

Адҳам Ҳайитов.