"Шарқ тароналари" қўшиғи яралганига 20 йил бўлди

Шу йилнинг 26-30 август кунлари Самарқанд шаҳрида "Шарқ тароналари" ўн иккинчи халқаро мусиқа фестивали ўтказилади.

Сир эмас, Шарқ мусиқаси – бугунги кунда нафақат Шарқ, балки Ғарб халқларини ҳам ўзига мафтун этиб келмоқда. Шарқ мусиқаси ўзига хослиги, миллийлиги, беқиёс анъаналарнинг сақлаб қолганлиги билан ажралиб туради. Шунинг учун бу мусиқа дунё бастакорлари, олимлари, мусиқашунослари кўз ўнгида ҳайратомуз бўлиб кўринади. Фестивалда куйланадиган мусиқанинг оҳангию, жумлалари ҳам ўзига хос, шарқ халқлари муштараклигини мужассамлаштирган.

Дунёнинг кўнглига сен бердинг ҳаёт,

Руҳингдан она шарқ, яралди баёт,

Куйламоқ шавқида моҳир ўзингсан,

Ҳофиз ўзингдирсан, шоир ўзингсан.

Жўр бўлгин инсонга мусиқа қанот,

Қўшиқдан кўнгиллар бўлғуси бунёд,

Қўшиққа ўртанган тилаксан, о Шарқ,

Жумлаи жаҳонга юраксан, о Шарқ!

Салом, Самарқанд, шарқ дарвозаси,

Тарал жаҳонга  шарқ таронаси.

Бу қўшиқ жаранги жаҳоннинг ўнлаб мамлакатларида баралла садоланиб, бир  қатор хорижий тилларида  янграганига ҳам мана 20 йилдан ошди. Қўшиқнинг дунё миқёсида оммалашганига сабаб, куйнинг шарқона оҳанглар билан уйғунлиги ва барча миллатлар мусиқасига муштараклигидир. Жумлаларнинг содда ва равонлиги, мазмунан бойлиги шоирнинг маҳоратидан далолат. Сўнгги икки мисрада фестивалнинг мақсадини чиқариб бера олган. Таниқли ўзбек композитори Дилором Омонуллаеванинг шоир Усмон Азим шеърига басталаган бу қўшиғи Самарқанд шаҳрида ҳар икки йилда ўтказиб келинаётган "Шарқ тароналари" мусиқа фестивалининг мадҳиясига айланиб қолди.

Шунингдек, мазкур нуфузли мусиқий анжуманнинг ўзига хослиги шундаки, у ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта тадбирларни ўз ичига қамраб олади. Шулардан бири хонандаларнинг "Энг яхши миллий қўшиқ ижроси учун" номли танловидир. Унда санъаткорлар Регистон майдонидаги меъморий ёдгорликлар - Шердор, Улуғбек ва Тиллакори мадрасалари туташган майдонда қад кўтарган катта очиқ саҳнада тингловчиларга ўз маҳоратини намойиш этади. Хонанда ва созандалар ижролари халқаро ҳайъат аъзолари томонидан анъанавий (миллий) хусусиятга мос келиши, юқори касбий ижро даражаси, чолғу ва айтим ижроси уйғунлиги, дастур мураккаблиги, овоз ва ижро мутаносиблиги, талқин этиш ноёблиги каби мезонлар асосида саралаб борилади ва танлади.

"Шарқ тароналари" Халқаро мусиқа фестивали – мусиқа, қўшиқ, рақс, миллий либослар намойиши ва бетакрор миллий гўзаллик байрамидир. Унда ҳар бир жанр ҳайратланарли даражадаги мусиқа, поэтик фантазия жиҳатидан ранг-баранг хислатларини кашф этади.

Жаводбек КОЗИМОВ,

СамДУ доценти.                

Музаффар ТОШПЎЛАТОВ,

СамДУ мусиқа таълими кафедраси ўқитувчиси.