"Шарқ тароналари" ХII халқаро мусиқа фестивали олдидан: Бир соз тарихи

Гап миллий мусиқа асбобимиз - чанг ҳақида бормоқда. Унинг тарихи олис мозийга бориб тақалади. Чунки археологик қазилмаларда топилган ёдгорликларда қўлига арфа ушлаган машшоқларнинг таърифлангани бу каби чолғу асбобларнинг қадимийлигидан далолатдир. Ёзма манбаларга кўра, XV-XVII асрлардан бошлаб "чанг" сози ибораси қўлланилган, унгача ўзбек ва тожик мусиқа маданиятида бутунлай ўзга соз, тирнаб чалинадиган замонавий европача арфанинг бизда кенг ишлатилган кичик ҳажмдаги намунаси тушунилган. Аммо XVII асрдан кейин бу қўл арфаси ижрочиликдан чиқа бошлаган ва ўрнини ўзга соз - махсус таёқчалар билан уриб чалинадиган трапеция шаклидаги чолғу асбоби эгаллади. Буни биз чанг деймиз.

Арфа чолғусининг ватани Миср ҳисобланиб, араб мусиқасида "Қонун", Эронда "Сантур" деб номланади. Ўрта асрларда мусиқашунослик фанининг асосчиси Абу Наср Муҳаммад Форобийнинг ёзишича, бу чолғу самарқандлик Хулайс ибн Ахвас томонидан Суғдда ихтиро қилинган бўлиб, сўнгра Боғдод ва бошқа мамлакатларга тарқалган. Чанг чолғуси араб, форс ва туркий адабиётларда чанг, эгри, чағона, шудурғу, ятурғон сингари атамалар билан номланган.

Чанг якка чолғу сифатида ва жарангдорлиги билан бошқа созлардан ажралиб турганлиги сабаб кўплаб адабий манбаларда учрайди. Жумладан, Алишер Навоийнинг "Сабъаи сайёр" достонида "чанг" ибораси қўл арфасини англатган бўлиб, унинг моҳир ижрочиси сифатида Дилором образи тасвирланган. Ўша даврларга хос арфасимон чанг деярли хотин-қизларга мансуб чолғулардан бири сифатида ҳатто эрамиздан олдинги асрлардаёқ ишлатилган. Ушбу асарда чангга қуйидаги таъриф берилади:

Сарв қад олса эрди майдин ком,

Настаринни чу айлабон гулфон.

Чанг олиб торини тузор эди,

Лек жон риштасин узор эрди!

Демагил чанг, солиқни ҳам қад,

Чанг қадлар била бўлиб ҳамқад.

Бўлибон ул сўлиқдан мухбир,

Бош қўйлиқда бўлмоғи зокир.

Машҳур чанг усталаридан Усмон Зуфаров, Фахриддин Содиқов, Фозил Харратов, Аҳмад Одиловлар истеъдодли созандалар ҳисобланади. Бугунги кунда бу қадимги мусиқа асбобининг сир-асрорларини ёшларга Самарқанд ихтисослаштирилган санъат мактаби ўқитувчиси Назира Салоҳиддинова меҳр билан ўргатмоқда. Асосийси, бу созга қизиқувчи, уни қунт билан ўрганувчи санъат ихлосмандлари талай.

Наргиза ХЎЖАМҚУЛОВА.