Собиқ прокуратура терговчиси оқланди: С.Собиров нега айбига иқрор бўлган?
Яшириб нима қилдик, илгари бундай ҳолатларга кўникиб қолгандик. «Ушлаб кетишди»ми, ким бўлишидан қатъи назар «кесилиб» кетиши аниқ эди. Навоий вилоят прокуратурасининг жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси лавозимида ишлаган С.Собиров билан ҳам шундай бўлган.
«Ушлаб кетишгач», 2011 йилнинг февраль ойида “Навбаҳор индустриал” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят иши бўйича жамият таъсисчиси Бахтиёр Рўзиевдан жиноят ишини ҳаракатдан тугатиб, ўз ваколати доирасида унга ёрдам қилиши эвазига 300 АҚШ долларини пора сифатида олган, деб айб қўйилган. С.Собиров суд ҳукмига кўра 10 йилга озодликдан маҳрум қилинган.
У муддатидан олдин озодликка чиққач, айби йўқлигини, унга нисбатан оқлов ҳукми чиқишини сўраб судга мурожаат қилган.
Аниқланишича, С.Собиров 2009 йил апрель ойидан 2011 йил апрель ойигача Навоий вилоят прокуратураси жиноятларни тергов қилиш бўлими катта терговчиси лавозимида ишлаган. Яъни, у 2011 йил февраль ойида Навоий вилоят прокуратураси Иқтисодий жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бўлими терговчиси лавозимида ишламаган.
Шунингдек, жиноят иши ҳужжатларида С.Собиров томонидан “Навбаҳор индустриал” масъулияти чекланган жамияти мансабдор шахсларига нисбатан бўлган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатларини давом эттирганлигини тасдиқловчи далиллар йўқ.
Бундан ташқари, жиноят иши ҳужжатларида судланувчининг айбига иқрорлик ҳамда Б.Рўзиевнинг С.Собировга пора берганлик ҳақидаги кўрсатувларидан ташқари, айб эълон қилишга асос бўлган объектив далиллар шахсни айблаш учун пора предметининг олиниши, қонунлар билан белгиланган тартибда почта-телеграф ва электрон жўнатмалари, аудио ёки видеоёзувлар, телефон ёки бошқа мосламалар орқали амалга оширилган сўзлашувлар аниқланиши каби аниқ мезонлар билан асослантирилмаган.
Шунга қарамай биринчи босқич суди судланувчининг айбини тасдиқловчи ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини синчковлик билан ҳар томонлама, тўла ва холисона текшириб чиқмасдан, С.Собировни айбли деб топиб, барвақт хулосага келган.
Хўш, С.Собиров нега айбига иқрор бўлган?
МХХ ходимлари ички ишлар идорасида ишлайдиган ўғлини қамоққа олиш билан қўрқитиб, Б.Рўзиевдан олмаган пулларини олганлиги ҳақида иқрорнома ёздириб олишган.
Юқоридаги асосларга кўра, кассация инстанцияси жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг 2013 йил 10 июндаги С.Собировга нисбатан чиқарилган ҳукми бекор қилинди.
Унинг қилмишида жиноят таркиби мавжуд эмаслиги сабабли жиноят иши ҳаракатдан тугатилди. Биринчи инстанция судининг айблов ҳукми бекор қилиниб, С.Собиров айбсиз деб топилди ва оқланди.
Энди С.Собиров реабилитация қилиниши муносабати билан мулкий, маънавий ва бошқа зиённи қоплаш масаласида даъво талаби билан судга мурожаат қилиши мумкин.
Т.ҚОДИРОВ,
жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилояти судининг судьяси.