"Судга қарзни тўлиқ тўлаганим ҳақида расмий хат бердим, аммо МИБ қарзим борлиги ҳақида ҳужжат кўрсатди..."
Мурожаатчи қозининг эътиборсизлиги сабаб МИБ ва суд ўртасида сарсон бўлаётганидан норози бўлмоқда. Қайд этиш лозим, гарчи жавоб қайтарилмаган бўлса-да, аввалроқ судлар ҳақида эълон қилинган мақоладан сўнг тизимдан ёзғирган яна бир нечта мурожаатлар келди.
Паст Дарғом туманидан йўлланган мурожаатда фуқаролик ишлари бўйича суд уни ортиқча харажатга туширгани ва сарсон бўлиб муаммосини ҳал этолмаётганини билдирган.
"Мени судга чақиришганида чиндан ҳам банкдан қарздорлигим бор эди. Аммо кейинги суд мажлисига қарзни тўлиқ тўлаганим ҳақида расмий хат олиб бордим.
Аммо суд якунланиб орадан бир муддат ўтгач, туман мажбурий ижро бюроси банкдан қарзимни ундириш ҳақида суд ҳужжати чиққанлигини билдирди. Ёқамни ушлаб қолдим: қандай ахир, тўлангани ҳақида хатни судга шахсан топширган эдим-ку".
Масала билан танишиб чиқиш давомида мурожаатчи томонидан чиндан ҳам банкдан қарздорлик тўлиқ тўланганига гувоҳ бўлдик. (Банкнинг бу ҳақдаги маълумотномаси илова қилиняпти).
"Қизиғи, мен банкдан қарз эмаслигим тўғрисидаги хатни кўрсатгач МИБдагилар тушунишди. Аммо суд қарори ижрога қаратилгани учун 250 минг сўмга яқин ижро йиғими тўлашим керак экан. Камбағални тунашми, бу?".
Мурожаатчи тушунмовчиликни ҳал қиладиган идора излаб сарсонлигини билдирмоқда. Негаки, туманда арз қилмаган ташкилотим қолмади ҳисоб, лекин ҳаммаси 250 минг сўм тўлашимни айтяпти, дейди.
Ўтган галги мақолага эътибор қаратмаган вилоят суди ва Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси фуқаронинг муаммосини ижобий ҳал қилиб беради, деган умиддамиз.