Супер-контракт кимга фойдаю кимга зарар?

2019 йил Давлат қабул комиссияси олий таълим муассасаларига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилишга рухсат берган эди. Дастлаб етарли балл тўплай олмаган абитуриентлар учун супер-контрактни биринчи, иккинчи ва учинчи йўналишда ҳам ўқишга рухсат берилди. Бунда ўқиш истагида мурожаат этган абитуриентларнинг аризаларига мувофиқ, тўплаган баллари қатъий кетма-кетлигига риоя этган ҳолда ўқишга қабул қилиш белгиланди. Яъни ўқишдан йиқилиб, контрактнинг кириш чизиғига 4 баллдан ортиқ етмаган ҳамда 56,7 дан кўп балл тўплаган абитуриентлар учун супер-контрактнинг минимал миқдорлари тасдиқланди.

Агар абитуриент тўплаган балл 1 баллгача етмаган бўлса 1,5 баробар, 1.1 баллдан 2 баллгача етмаган бўлса 2,0 баробар, 2.1 баллдан 3 баллгача етмаганлар 2,5 баробар, 3.1 баллдан 4 баллгача етмаганлар контракт миқдорининг 3,0 баробари миқдорида тўлаши белгиланди.

56,7 баллдан кўп тўплаган, лекин кириш чизиғига 4 баллдан кўпроқ етмай қолган абитуриентлар контракт суммасининг 10 бараваридан ошиқ миқдорда тўлаш жорий этилди. 

2020 йилга келиб абитуриентлар учун янада енгиллик берилди, яъни улар исталган бешта йўналишдан бирида супер-контрактда ўқиши мумкин бўлди. Шунингдек, молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасалари супер-контракт миқдорини мустақил белгилаш ҳуқуқига эга бўлди.

Бундай тартиб отасининг пули кўп, аммо билими йўқ абитуриентларга қўл келди. Энг ёмони, абитуриент тест синовида қатнашиб, 1 балл олган бўлса ҳам, қўшимча контрактда ўқиши мумкинлиги фарзандини келажакда раҳбар қилмоқчи бўлган айримлар учун қўл келди. Масалан, ўтган йили Самарқанд давлат университетининг юриспруденция таълим йўналишига табақалаштирилган тўлов-контракт асосида ўқишни истовчилар 1 млрд сўмгача контракт пул тўлашга розилигини билдирган. Бироқ бу тоифа талабалар шуурига талаб даражасида билим сингдириш мушкул. Натижада олий таълим муассасаси раҳбарлари ушбу таълим йўналишини янги ўқув йилидан ёпишга қарор қилган.

Табақалаштирилган тўлов-контракт жорий этилгач, билимли ва билимсиз абитуриент ҳам давлат олий таълим муассасасида, тағин бир гуруҳда ўқиш имконини қўлга киритди. Ҳеч кимга сир эмас, бизда амалдаги анъанага кўра, олий таълим муассасасига ўқишга қабул қилинган талаба, албатта диплом олади, яъни билимсизлиги учун ўқишдан ҳайдалмайди. Масалан, ўтган йили Самарқанддаги олий таълим муассасаларидан бирида ўқишдан ҳайдалган 200 нафардан ортиқ талаба юқори ташкилотларга арз қилгач, битта имтиҳон билан ҳаммаси яна ўқишга тикланди. Асл ҳақиқат шундаки, бизда ўқишга кириш қийин, аммо битириш осон.

Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб деярли барча олий таълим муассасаларида кредит-модул тизими жорий этила бошланди. Кредит-модул тизимининг афзаллиги талаба имтиҳондан ўтолмаса, унга иккинчи марта имкон берилади. Фақат бунда талаба бироз тўловни амалга ошириши керак. Иккинчи марта ҳам ўтолмаса, унга яна имкон берилади, бу сафар талаба кўпроқ пул тўлайди. Хуллас, кредит-модул тизими талабани ўқишдан ҳайдамайди. Талаба қачон барча қарзларини ёпса, кейин унга диплом берилади. Эшитишимча, кейинги сафар кўпроқ пул тўламаслик учун баъзи талабалар биринчи имтиҳон олдидан домла билан “келишаркан”. Шундан кейин талаба компьютерда имтиҳон топширса ҳам ўтаркан. Мабодо, талаба имтиҳондан йиқилиб қолса, дарҳол декан ўринбосарига айтса, Hemis тизими ёпилмасдан баҳосини ўзгартириб беришаркан. Хуллас, кредит-модул тизимини ҳам ўзимизга мослаб олдик. Агар шамол бўлмаса, бу каби маълумотлар бизгача етиб келмаган бўларди.

Бундан буён талаба супер-контракт асосида ўқийдими ёки давлат гранти асосидами фарқи йўқ, ўқишдан ҳайдалмайди. Энди ўзингиз ўйланг, супер-контрактда ўқиб, диплом олган билимсиз ўқитувчи болаларга таълим берса, билимсиз қурувчи баланд қаватли уйлар қуради, билимсиз шифокор эса одамларни даволайди. Хўш, супер-контрактда ўқиган, билимсиз шифокорнинг қўлида ким даволанишни истайди? Билимсиз қурувчи қурган уйда ким юраги дов бериб яшайди? Билимсиз ўқитувчига ким боласини ишониб топширади? Бугун бу масалани раҳбарлар ҳам тушуниб етяпти.

Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов оммавий ахборот воситаси ходимига “Тиббиёт йўналишидаги супер-контракт масаласида фикрим ижобий эмас”, деди. Унинг сўзларига кўра, тиббиёт соҳасига киришда супер-контрактни бутунлай йўқотиш бўйича ҳукуматга таклиф киритилган. Аммо, ҳали натижа йўқ. Бошқа соҳа вазирлари эса жим.

Тўғри, табақалаштирилган тўлов-контракт ўқишга киришда бир, икки балл етмаганлар учун жорий қилинди, гўё. Аммо бундан умуман китоб очиб кўрмаганлар самарали фойдаланмоқда. Сабаби, бир ёки икки балл етмаганлар яна бир  йил тайёрланиб, давлат гранти асосида ўқишга киряпти, лекин абитуриент ҳақиқатда тайёрланган бўлса, супер-контрактда ўқишни истамаяпти.

Шунингдек, масаланинг иккинчи томони ҳам бор, ундан тушадиган пул маблағи олий таълим муассасасининг ўзида қолади. Назаримда шу нуқтаи назардан супер-контрактда ўқишга рухсат берилди. Яқинда Самарқанддаги олий таълим муассасалари раҳбарларидан бири бўлиб ўтган матбуот анжуманида бир йилда бир нафар талабага кетадиган сарф-харажат камида 12,5 миллион сўмлигини айтди. Аммо, уч йилдан бери контракт суммасининг 7 миллион сўмдан оширилмаётгани олий таълим муассасаларига зиён бўлаётгани, қолган суммани улар супер-контрактда ўқишга кирганлар ҳисобидан қоплаётганини билдирди. 

Ҳақиқатда уч йилдан буён нарх-наво неча марта ошди, аммо давлат олий таълим муассасаларидаги контракт миқдори оширилмади. Нарх-навони бундай сунъий ушлаб туриш барибир бир кун келиб “иситмаси”ни ошкор қилади.

Бугун хусусий олий таълим муассасалари ҳам кўпаймоқда. Улардаги ўртача контракт тўлов миқдори 20 миллион сўмни ташкил этади. Ҳукумат хусусий олий таълим муассасаларидаги нарх-навони сунъий ушлаб туролмайди, сабаби, улар бозор иқтисодидан келиб чиққан ҳолда контракт суммаларини белгилаган. Акс ҳолда фаолият юритолмайди. Шунингдек, хусусий олий таълим муассасаларига ўқишга кириш унчалик ҳам қийин эмас. Баъзилари контракт суммасини тўлаган талабгорни имтиҳонсиз қабул қилаяпти. Хўш, шундай экан пули бору билими пастроқ абитуриентлар хусусий олий таълим муассасаларида ўқиши мумкин. Энди давлат олий таълим муассасаларидан табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини олиб ташласа ҳам бўлади. Бунда нафақат тиббиёт олийгоҳлари, балки бошқа соҳаларда ҳам жамиятимизга етук мутахассислар зарур. Шундай экан, бу масалага панжа орасидан қарамайлик.

Тўғри, хорижий давлатларда имтиҳондан ўтган талаба белгиланган контракт суммасини тўлаб ўқийди. Уларда ҳам контракт суммалари қиммат, ҳамма ҳам фарзандини ўқитишга қурби етмайди. Аммо давлат мана шундай оилаларнинг фарзандларига қарз беради. Талаба ўқишни битириб, ишга киргач, унинг маошидан маълум фоизи банкдаги қарзига ушланади. Яхши томони, хорижда биздагидек таниш-билиш деган тушунча йўқ. Шунинг учун ҳам ўқишга кирганларнинг 50 фоизи олий таълим муассасасини битиролмайди. Бизда қайси олий таълим муассасаси 50 фоиз талабани ўқишдан ҳайдаяпти? Лоақал 20 фоиз талабаси диплом ололмаган олий таълим муассасасини эшитганмисиз? Йўқ, албатта. Мана шу оддий арифметикадан ҳам бизда диплом олиш қанчалик осонлигини билсак бўлади.

Бугун давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳасига катта эътибор қаратилаётган экан, олий таълимда табақалаштирилган тўлов-контракт тизимини бекор қилиш соҳа ривожига хизмат қилади, деб ўйлайман. Шунингдек, давлат грантларини кўпайтириб, контракт суммасини бугунги нарх-наво талабидан келиб чиққан ҳолда белгилаш мақсадга мувофиқ. Контракт пулини тўлай олмайдиган талабаларга давлат таълим кредити ажратиб беряпти, буни янада такомиллаштириш керак. Нима бўлган тақдирда ҳам давлатимиз равнақи, халқимиз эртанги фаровонлиги йўлида ўз оёғимизга ўзимиз болта урмайлик.

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.