Тадбиркорлар диққатига! Ҳар қандай турдаги реклама воситаларини ноқонуний жойлаштирганлик учун чора кўрилади

Реклама бозорида соғлом рақобат муҳитини яратиш, республика аҳоли пунктлари қиёфасини яхшилаш, шунингдек, ташқи реклама соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 30 августда “Ташқи рекламани жойлаштириш соҳасидаги фаолиятни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинган.

Қарорнинг тегишли бандларида ташқи рекламани жойлаштириш ҳуқуқини бериш бўйича шартномалар тузиш туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан амалга оширилиши, бундан ташқари, ташқи реклама объектларини (конструкцияларини) ер участкаларида, шунингдек, давлат мулки бўлган бино ва иншоотларда жойлаштириш ҳуқуқини бериш "E-ижро аукцион" ягона электрон савдо майдончасида очиқ электрон аукционлар орқали амалга оширилиши белгилаб қўйилган.

Бугунги кунда вилоятимиздаги тадбиркорлар кўчаларда, бинонинг ён қисми, том қисми, бекатларда ишлаб чиқарган маҳсулотларини, хизматларини ўзлари хоҳлагандай реклама қилмоқда. Аслида ташқи рекламалар туман ва шаҳар ҳокимликлари билан келишилган ҳолда, тегишли рухсатномаларни олиб, тўловни амалга оширгандан сўнг жойлаштирилиши лозим.

Маҳаллий ҳокимликлар томонидан тегишли рухсатнома олмасдан ҳар қандай турдаги реклама воситаларини жойлаштирганлик учун хўжалик юритувчи субъектларга амалдаги қонунчиликка асосан тегишли тартибда чоралар қўлланилишини маълум қиламиз.

Самарқанд вилоят монополияга қарши курашиш бошқармасининг реклама фаолиятини назорат қилиш бўлими.