Таксичиларнинг маданиятсизлигига қачонгача чидаймиз? (фото)

Самарқанд шаҳрида фаолият кўрсатаётган таксиларнинг аксариятига ўйланиб ўтирасан киши. Бунинг бир қатор сабаблари бор. Биринчидан, ҳайдовчининг кийиниш ва муомала маданияти паст. Енгсиз майка, шортик кийиб олган, машинада мижозининг кимлигидан қатъий назар бақириб ё сўкиниб гаплашади.

Иккинчидан, бошқараётган машинаси санитария-гигиена талабларига жавоб бермайди. Салондан турли хил ҳидлар анқийди (газ, ёғ), автомашина ювилмаган, ўриндиқ қопламалари кир.

Машинанинг ташқи кўриниши ҳам туризм шаҳри саналган Самарқандга номуносиб - ювилмаган, ойналари артилмаган, орт ойналарига эса қора парда-ю тушунарсиз реклама матнларини жойлаштириб ташлаган.

Худди шундай ҳолат аксарият автобусларда ҳам мавжуд. Ўриндиқлари йиртилган, салонида писта пўчоқлар-у қоғозларни учратасиз. Аксарият автобусларда хусусий даволаш муассасаларидан тортиб, хорижга саёҳат, турли хил хизмат кўрсатиш фаолият турлари ҳақидаги реклама афишалари ёпиштирилган.

Бу ҳолатларга ҳайдовчилар билан бирга мутасадди идоралар раҳбарлари ҳам эътибор қаратсалар яхши бўларди.

Бахтиёр МУСТАНОВ олган суратлар.