“Темир дафтар”дагиларга яшил энергия текин

Маълумотга кўра, бугун мамлакатимизда 2-3 миллиард киловатт-соат қўшимча электр энергиясига эҳтиёж бор. Келгуси беш йилда бу кўрсаткич 3-4 баробарга ошиши кутилмоқда.

Бу эса олдимизга айни соҳадаги ишларни тўғри режалаштириш, хусусан, тизимда замон талабларидан келиб чиқиб, қайта тикланувчи энергиянинг улушини янада ошириш вазифасини қўяди.

Президентимизнинг жорий йил 9 сентябрдаги “Энергия тежовчи технологияларни жорий қилиш ва кичик қувватли қайта тикланувчи энергия манбаларини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони мазкур йўналишдаги ишларни янги босқичга олиб чиқди. Унда қайта тикланувчи энергия манбалари қурилмаларини маъмурий-маиший бино ва иншоотларда қўллаш бўйича манзилли чора-тадбирларни амалга ошириш, микро ва кичик гидроэлектр станцияларини қуришга доир бизнес лойиҳаларнинг жозибадорлигини ошириш сингари муҳим вазифалар қаторида “Темир дафтар”га киритилган эҳтиёжманд оилалар хонадонини ҳам мазкур қурилмалар билан жиҳозлаш тартиби ва шартлари белгиланди.

Албатта, бунгача ҳам эҳтиёжманд оилаларга қуёш панеллари тарқатилаётган эди. Шу йилнинг 10 июнь куни Президентимиз раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишидаги топшириққа биноан, бу тадбирлар “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилаётганди. Қарор билан энди “Темир дафтар”га киритилган оилалар хонадонига қуёш панелларини ўрнатиш харажатлари маҳаллий бюджет ҳисобидан қопланадиган бўлди. Жумладан, ҳужжатда эҳтиёжманд оилалар хонадонига 2022 йилда маҳаллий бюджетнинг қўшимча манбалари ва 2023 йилда маҳаллий бюджет параметрларида ушбу тадбирлар учун назарда тутиладиган маблағлар ҳисобидан қуввати 1 кВтгача бўлган қуёш фотоэлектр станцияси ёки ҳажми 100 литрдан кам бўлмаган қуёш сув иситиш қурилмаси ўрнатилиши кўрсатилган. Ўтган вақтда вилоят ҳокимининг мазкур вазифалар ижроси юзасидан тегишли қарори қабул қилиниб, манзилли ишлар бошлаб юборилди.

“Темир дафтар”га киритилган 556 та хонадонга мазкур қурилмалар ўрнатилди. Шундан 203 таси 100 ва 200 литр ҳажмли қуёш сув иситиш қурилмаси бўлса, 353 таси қуёш фотоэлектр станцияларидир. Айни пайтда хонадонларда қуёш панелларини ўрнатиш давом этмоқда.

– Ҳокимликдан одамлар келиб, уйимга қуёш панелини ўрнатишларини айтишганида ишонмагандим, - дейди Самарқанд тумани Рустам маҳалласида истиқомат қилувчи Туҳфа Насимова. – Мана, сўзида туришди. Бир ойдан бери қуёшдан олинадиган электрдан фойдаланяпмиз. Қурилмаларни бепул беришгани майли, энди электрга ҳам пул тўламас эканман. Оилам бундан жуда хурсанд.

– Хонадонларга ўрнатилаётган қуёш панелларининг демонтаж ишларини ҳам ўзимиз амалга оширяпмиз, - дейди “Фолара” хусусий корхонаси ходими Карим Нурматов. – Мазкур қурилмаларга 5 йил кафолат берилади. Бу вақт ичида унда бирор носозлик аниқланса, бепул таъмирлаб ёки янгисига алмаштириб беришимиз мумкин. Айни кунда нафақат аҳоли хонадонлари, балки давлат ва жамоат ташкилотларига ҳам қуёш панелларини ўрнатиш бўйича қатор шартномаларимиз бор.

Вилоят ҳокимлигидан олинган маълумотга кўра, октябрь ойи якуни бўйича вилоятдаги давлат ташкилотлари биносига қиймати 11 миллиард сўмга яқин бўлган қуёш фотоэлектр станциялари ўрнатилган. Хусусан, вилоят, туман ва шаҳар ҳокимликлари биносида қиймати 3 миллиард 249 миллион сўмлик, вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида 1 миллиард 92 миллион сўмлик, вилоят мактабгача таълим бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимларида 475 миллион сўмлик қийматга эга станциялар ишламоқда.

Асқар БАРОТОВ.