Темурбекка бешик бўлган замин Қашқадарё вилоятининг бугунига назар
Мамлакатимизнинг бу гўшаси ҳақида гап кетганда, одатда чўлда жойлашган ва табиийки, ривожланишдан ортда қолган ҳудуд сифатида қаралади. Аслида ҳам шундайми?
Жаҳонгир Темур туғилиб ўсган вилоятга қилган сафаримиз давомида бу фикр нотўғрилигини, айниқса, кейинги 5-6 йилда ҳудудда катта ўзгариш ва ижобий янгиланишлар бўлганини кўрдик.
Қашқадарё вилоятида бошқа ҳудудларга нисбатан нефть-газ саноати бирмунча ривожланган. Бироқ олиб борилаётган ислоҳотлар самараси ўлароқ, бу ерда саноатнинг бошқа тармоқлари, хусусан, текстиль корхоналари ҳам жадал тараққий этмоқда.
Кластерлар учун мастер-класс
"Sulton Tex Group" МЧЖ юртимизда амалиётга татбиқ этилган кластер тизими ўзини оқлаётганига ёрқин мисол дейиш мумкин. Корхона кластер аслида қандай бўлиши кераклигини кўрсатиб турибди. Негаки, тадбиркорлик субъектида пахта етиштириш ва уни чуқур қайта ишлашнинг тўлиқ саноат “занжири” яратилган.
Маълум қилишларича, беш йил муқаддам Қарши шаҳрида иш бошлаган корхонада 7 миллион АҚШ доллари эвазига йилига 7,5 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконига эга ип-йигирув фабрикаси ишга туширилиши билан кластерга илк пойдевор қўйилган. 2018 йилда қиймати 3 миллион АҚШ долларига тенг трикотаж мато ишлаб чиқариш қуввати ишга туширилиб, 90 кишининг бандлиги таъминланган. Замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланган тўқув фабрикасида ҳар йили 5 минг тонна мато тайёрланаркан.
Дарвоқе, хориж технологияларига асосланган корхона 50 минг тонна пахта хомашёсини бирламчи қайта ишлайди.
Корхона негизида 2019 йилда иш бошлаган тикувчилик фабрикасида 1400 нафар хотин-қизга доимий даромад манбаи билан бирга, йилига 8 миллион дона тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш салоҳияти яратилган. Сал аввал корхонада ип-йигирув фабрикасининг иккинчи босқичи ишга туширилиб, 20 миллион АҚШ доллари жалб қилиниши ҳисобига қўшимча 350 иш ўрни яратилибди.
"Sulton Tex Group" МЧЖ бу билан чекланиб қолмаяпти. Янги-янги лойиҳалар устида иш бошламоқда. Жумладан, гувоҳи бўлганимиз, ҳар йили 30 минг тонна чигитни қайта ишлаш имконига эга ёғ заводи 2020 йилда барпо этилган. Бу ерда пахта ёғи махсус идишларда қадоқланиб, ички бозорга етказилмоқда. Корхонада замонавий уруғчилик цехи иш бошлаши фермер хўжаликларини сифатли уруғ билан таъминлаш имконини бермоқда. Цехда 20 минг тоннадан ортиқ сара чигит уруғликка тайёрланади.
Эътиборлиси, биз корхонада бўлганимизда ёнига асалари сурати туширилган “Лабо” русумли автомашиналар бирин-кетин чиқиб кета бошлади. Рост, ҳайратимизни яширолмай, “Асал ҳам тайёрлайсизларми?”, деб сўрадик.
Маълум бўлишича, кластер фаолияти шу билан чекланиб қолмайди. Келгуси икки йилда умумий қиймати 26,5 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 4 та истиқболли лойиҳани рўёбга чиқариш, 1000 нафар кишининг бандлигини таъминлаш кўзда тутилган. Жумладан, корхона тармоқлари яна бир тикув фабрикаси, шунингдек, бугун заруратга айланган бўёқ фабрикаси ҳисобига бойийди. 1000 бош зотдор қорамол боқишга мўлжалланган замонавий чорвачилик комплекси ҳамда йилига 6 минг тонна сут ва 300 тонна гўштни қайта ишлаш имконини берувчи лойиҳалар ҳам вилоят учун юқори ижтимоий-иқтисодий аҳамият касб этиши кутилмоқда.
Иқтисодиёти 5 йилда 50 фоизга ўсади
Қашқадарё вилояти ҳокимлигидан маълум қилишларича, бу кўрсаткичга эришиш учун аниқ чора-тадбирлар белгилаб олинган. Унинг ижроси ўлароқ, яқин беш йил ичида вилоятда ялпи ҳудудий маҳсулот ҳажми 1,5 баравар ошиб, саноат маҳсулотлари ҳажми 1,5 баравар, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш 1,2 баравар, хизматлар ҳажми 2,9 баравар, қурилиш ишлари ҳажми 1,2 баравар кўпайиши керак.
Хусусан, жорий йил якунига қадар Китоб туманида ишга тушириладиган "Qarshi Conch Cement" хорижий корхонаси Хитой Халқ Республикасининг машҳур "Anhui Conch Cement Co LTD" компанияси томонидан 150 миллион доллар эвазига барпо этиляпти. 41 миллион доллар миқдорида инвестиция йўналтирилиши кўзда тутилган корхонада 400 та иш ўрни яратиларкан.
Бундан ташқари, воҳада нефть-газ соҳасига алоқадор яна бир лойиҳа якунига етказилиб, Косон туманидаги "Rapid Rise Technology" масъулияти чекланган жамиятида нефть бурғулаш ускуналари ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Косон туманидаги бошқа бир саноат корхонаси - "Бунёдкор" масъулияти чекланган жамиятида эса йил давомида бирйўла иккита йирик объектни ишга тушириш мўлжалланяпти. Улардан биттасининг қиймати 30,5 миллион долларга тенг бўлиб, ҳар йили қўшимча 5,9 минг тонна ип-калава ишлаб чиқариш имконини берса, иккинчиси - 33,4 миллион долларлик тўқимачилик комплекси йилига 2 миллион метр квадрат газлама, 1,6 минг тонна тўқимачилик матоси ва минг тонна момиқ сочиқ ишлаб чиқариш қувватига эга бўлади.
Бундан ташқари, декабрь ойида Муборак туманида "Asia Max Muborak" МЧЖнинг йилига 150 минг тонна олтингугуртни қайта ишлаш қувватига эга 5 миллион долларлик лойиҳаси ишга тушириларкан. Шунингдек, Шаҳрисабз шаҳрида "Hisorakgidroqurilish" МЧЖ замонавий мебель ишлаб чиқаришни назарда тутувчи 3 миллион долларлик лойиҳасини якунига етказади.
Ғузор туманидаги "Guzar Parranda Klaster SJE" МЧЖ негизида 4 миллион доллар сарфланиб, 500 минг бош товуқли паррандачилик кластери 150 кишини иш билан таъминлаши режалаштирилган.
Қарши шаҳридаги эркин иқтисодий зонада Марказий Осиё ва МДҲ давлатлари бозорига киришни режалаштираётган қуёш панеллар чиқарувчи жаҳондаги етакчи “Solar Finland” компанияси билан “Ўзбек-Фин” қўшма корхонасини очиш чоралари кўрилаётгани эса воҳада иқтисодиётни ривожлантириш истиқболларидан дарак бериб турибди.
Кенг ва равон йўллар
Самарқанд шаҳрида бугун йўлларни таъмирлаш масаласида катта ишлар қилиняпти. Буни жамоатчилик турли халқаро тадбирлар олдидан қилинаётган ишлар, деб биляпти. Қарши шаҳрида бўлган киши аслида бу каби бунёдкорлик ишлари мамлакатимизнинг барча гўшаларини қамраб олаётганини тезда илғаши тайин.
Шаҳарнинг кўчалари қашқадарёликларнинг кўнгли каби кенг. Эътиборли жиҳати, Самарқанд шаҳридан фарқли ўлароқ, деярли барча кўчаларда машина қатнов қисми билан пиёдалар йўлаги яшил майдон билан ажратилган. Балки шу боис ҳар қадамда такси тўхтатилмайди. Бироқ автобуслар бу ерда кўҳна кентдагидан анча камлиги сезилиб турибди. Бироқ аҳолига нафақат юртимизда, балки хорижда ишлаб чиқарилган автобуслар ҳам хизмат кўрсатяпти.
Дарвоқе, йўл масаласида. Жорий йил ички хўжалик йўллари ҳолатини яхшилаш бўйича 145,7 миллиард сўм маблағ эвазига 386,2 километр йўл таъмирланиши кўзда тутилган.
Хусусан, “Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” дастурлари доирасида 378,7 километр (70 километр бетон йўл қуриш, 97,2 километр асфальтобетон ётқизиш ва 211,5 километр шағал қоплама ётқизиш) ички хўжалик йўлларини таъмирлаш ишлари учун 139,6 миллиард сўм маблағ ажратилади. Шунингдек, дастур бўйича 72,2 километр (1,2 километр бетон йўл, 16,6 километр асфальтобетон ётқизиш ва 54,4 километр шағал қоплама ётқизиш) ички йўллар таъмирланиб, 19,2 миллиард сўмлик ишлар бажарилган. Ундан ташқари, жорий йилда 17 дона кўприкни тўла таъмирлаш ва қайта қуриш режалаштирилган бўлиб, бунинг учун 60,6 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.
Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 21-22 апрель кунлари Қашқадарёга ташрифи давомида ҳам автомобиль йўлларини қуриш ва таъмирлашга оид берган топшриқларининг ижроси бўйича вилоятга йўл ишлари учун қўшимча 350,2 миллиард сўм миқдорида маблағ ажратилиши белгиланган.
Шу ўринда яна бир гап. Сафаримиз давомида Қарши шаҳридан ташқари, Яккабоғ ва Китоб туманлари, Шаҳрисабз шаҳрида бўлдик. Аҳамиятлиси, бу ерларда ҳам пиёдалар учун алоҳида йўлаклар бор. Ва улар ҳам автомобиль қатнов қисмидан яшил майдон билан ажратилган.
Ёқубжон Марқаев.
(Давоми бор)