“Товоқсой”га бориш учун 3608 нафар самарқандлик навбатда турибди
Республика Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги «Товоқсой», «Олтиариқ», «Косонсой», «Марварид», «Маржон суви» ҳамда «Нуронийлар» санаторийларига йўлланмалар ишламайдиган пенсионер ва ногиронлиги бўлган фуқароларга туман ва шаҳар тиббиёт бирлашмалари томонидан берилади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида рўйхатга олинган “Ногиронлар ва кексаларни бепул санатория-курорт йўлланмалари билан таъминлаш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қарорга асосан қуйидаги шахслар бепул йўлланма олиш ҳуқуқига эга:
а) ҳар йили, навбат асосида уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга, Республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахсларга, Чернобиль АЭС ҳалокати натижасида ногирон бўлиб қолган шахсларга, ёлғизлар рўйхатига олинган фуқароларга;
б) икки йилда бир маротаба, навбат асосида ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинларига (бева эрларига), 1 ва 2-гуруҳ ногиронлиги мавжуд шахсларга, 1-гуруҳ кўз касаллиги ногиронларини кузатиб борувчиларга;
в) уч йилда бир маротаба, навбат асосида, санаторийларда бўш ўринлар мавжуд бўлган тақдирда ёшга доир пенсионерларга берилади.
1 ёки 2-гуруҳ ногиронлиги мавжуд фуқаролар даволаниб қайтгандан икки йил ўтгач, ёшга доир пенсионерлар даволаниб қайтгандан уч йил ўтгач, санаторийга бориш учун қайта ариза бериши мумкин.
2019 йилнинг 1 март ҳолатига вилоят бўйича Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги тизимидаги санаторийларда даволаниш учун навбатда турганлар сони 11663 нафар (“Товоқсой” санаториясига 3608 нафар, “Олтиариқ” санаториясига 1788 нафар, “Косонсой” санаториясига 810 нафар, «Маржон суви» санаториясига 957 нафар, «Нуронийлар» санаториясига 382 нафар ва «Марварид» санаториясига навбатда турганлар 4118 нафар)ни ташкил этмоқда.
Самарқанд вилояти соғлиқни
сақлаш бошқармаси ахборот хизмати.