Тойлоқда 10 та маҳалла аҳолиси техник сувдан истеъмол қилади
Тойлоқ туманидаги 50 маҳалланинг 12 таси тўлиқ марказлашган ҳолда ичимлик суви билан таъминланган. 28 маҳалла аҳолиси қисман таъминланган бўлса, 10 маҳалла аҳолиси техник сувдан истеъмол қилади.
- Туманда истиқомат қилувчи 205 мингдан зиёд аҳолининг 57 фоизи марказлашган ҳолда тоза ичимлик сувидан баҳраманд бўлиб келмоқда, - дейди "Самарқанд сув таъминоти" МЧЖ туман филиали раҳбари Исроил Юсупов. - Жорий йилнинг охирига қадар бу кўрсаткич 62,6 фоизга етказилади. Бунинг учун жорий йилда инвестиция ва "Обод қишлоқ" дастурлари асосида 20,4 километр ичимлик ва оқова сув тармоғи тортилади, 3 та сув иншооти реконструкция қилинади. Натижада 5,2 минг нафар аҳолининг ичимлик суви таъминоти яхшиланади.
Ўтган йили туманда 23,5 километр янги сув тармоғи тортилди.
- Ҳудудимиздаги Украч ва Эшон қишлоқларида 6200 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади, - дейди “Украч” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Намоз Абдураҳимов. – Сўнгги 20 йилда барча қишлоқларимиздаги ичимлик сув миноралари қаровсиз қолиб, тармоқлар ишдан чиққан эди. Кўпчилик энди сув бўлмас экан, дея қувурларни ҳам узиб ташлаганди. 80 фоиз хонадонда қўлбола “качалка” ва сув насослари ўрнатилиб, 7-8 метр ер остидан сув тортиб ичишди. Кейинги уч йилдан бери аҳолини марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш яхшиланмоқда.
“Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ туман филиали ишчилари томонидан мазкур маҳалладаги 2 та сув минораси, 6,7 километр сув тармоқлари реконструкция қилинди. Жорий йилнинг ўтган даврида яна битта сув минораси ўрнатилиб, 600 метр сув қувури тортилди.
- Маҳалламиздаги 186 та хонадон ичимлик суви билан таъминланмаган, - дейди украчлик Муҳаммад Аҳмедов. – Бунинг учун 4 минг метр сув тармоғи тортиш зарур. Ҳозирча ҳашар йўли билан 22 миллион сарфлаб, сув минорасини таъмирладик. Аммо сув насосининг кучи чекка хонадонларга етмаяпти. Шунинг учун сув таъминоти туман филиалидан кўмак сўрагандик, ёрдам берамиз, деб ваъда беришди.
Туманда марказлашган сув билан таъминланган аҳоли хонадонларида ҳисоблагич ўрнатиш ишлари суст кечмоқда. Филиалнинг 8700 нафардан ортиқ истеъмолчиларидан 1478 тасида ҳисоблагичлар қўйилган, холос.
- Аҳолининг сув ҳисоблагичларни ўрнатмаслиги катта муаммоларга олиб келяпти, - дейди филиал бош муҳандиси Сирож Йўлдошев. - Кўпчилик сув ҳисоблагич давлат томонидан қўйилади, деб ўйлайди. Аммо табиий газ ва электр энергияси истеъмолчиларига бўлган имтиёз бизга берилмаган. Яъни, аҳолининг ўзи туман давлат хизматлари марказидан рўйхатдан ўтиб, ҳисоблагич сотиб олиши керак. Мутахассисларимиз эса ўрнатиб беришади.
Бугунги кунда тумандаги 129 та сув иншоотининг 17 таси яроқсиз ҳолатга келиб қолган. 214 километр ичимлик сув тармоғининг 60 километри таъмирталаб. Ғўлба маҳалласи Масжид қишлоғида ҳашар йўли билан ичимлик сув иншооти қурилган бўлса-да, бироқ хонадонларга 1400 метр масофада тармоқ тортилмаган. Тумандаги Хўжаюз, Найман, Ворсин, Шопўлот, Зарафшон, Давлатобод, Адас, Дўстлик, Олмазор ва Чароғбон маҳаллаларидаги 24 та ичимлик сув иншооти насослари таъмирланди. Бироқ аҳолининг айтишича, уларнинг ҳаммаси ҳам тўлақонли ишламаяпти. Давлатобод, Адас, Дўстлик маҳаллаларидаги янгиланган сув насослари барча хонадонларга сув етказиб бериш қувватига эга эмас. Айниқса, ўтган асрнинг 60-70 йилларида тортилган сув тармоқлари эскириб, яроқсиз аҳволга келиб қолган. Энг ёмони, марказлашган сув иншоотлари кунига икки марта - эрталаб ва кечқурун бир соатдан ишлатилаётган экан. Буни мутасаддилар электр энергиясидан қарздорлик ошиб бораётганлиги билан изоҳлади. Маълумотларга кўра, бугунги кунда мазкур идоранинг туман электр тармоқлари бўлимидан 634 миллион сўмдан ортиқ қарзи мавжуд экан.
Туман аҳолисини тоза сув билан таъминлаш бўйича 2022-2026 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режасида 41 та лойиҳа кўзда тутилган. Бунинг учун 51,1 миллиард сўм маблағ сарфланади.
Мазкур лойиҳаларда маҳаллаларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш билан бирга оқова тизимларини ҳам ривожлантириш кўзда тутилган. Жумладан, 2023 йилда Чароғбон ва Боғичинор маҳаллаларидаги кўп қаватли уйларнинг канализация тармоқлари янгиланиб, оқова сув ҳайдаш насос станцияси қурилса, 2024 йилда Сочак массивида 1 та сув тозалаш иншооти қуриш ва 2 километр масофага сув оқова тармоқлари тортиш режалаштирилган. Шунингдек, 2025-2026 йилларда Боғизоғон ва Адас шаҳарчаларида ҳам худди шундай объектлар қуриш мўлжалланган.
Дилмурод Тўхтаев.