Туркий тилли давлатлар Савдо-саноат палаталари бизнес-форумида самарқандлик тадбиркорларни нималар қизиқтирмоқда?
Айни кунларда вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Ж.Ўроқов бошчилигидаги самарқандлик тадбиркорлардан иборат делегация аъзолари Туркияда ўтказилаётган “Win Euroasia Istanbul – 2021” халқаро кўргазмасида иштирок этмоқда. Бугун бу ерда Туркий тилли давлатлар Савдо-саноат палаталари бизнес-форуми ташкил этилди.
Таъкидлаш лозимки, туркий давлатлар Савдо-саноат палаталари, биринчи навбатда, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароит яратиш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилишда ўзини ишбилармонлик билан ўзаро муносабатларнинг мувофиқлаштирувчи механизми сифатида намоён этади. Бизнес-форум эса иқтисодиётнинг турли соҳаларида иштирок этувчи мамлакатларнинг бизнесини ривожлантиришда асосий платформа бўлиб хизмат қилади.
Шу жиҳатдан вилоятимиз тадбиркорлари бизнес-форумда фаол иштирок этмоқда, хорижлик ишбилармонларга ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар ҳақида видеолавҳа ва буклетлар тақдим этяпти. Шу билан бирга вилоятимизнинг ҳар жиҳатдан шароит ва талабларига мос, сифатли ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқарилишини таъминлайдиган бизнес воситаларига қизиқмоқда.
Делегациямиз аъзолари B2B шаклидаги тадбиркорлар учрашувида иштирок этди. Унда турли давлатлардан ташриф буюрган тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилди, мамлакат тадбиркорларига фойдали бўладиган бир қатор шартномалар имзоланди.
Форум доирасида самарқандлик тадбиркорлар Измир шаҳрига ташриф буюрди. Шаҳарнинг эркин иқтисодий зонаси ҳудудида жойлашган “Dirinler” va “Athapack” корхоналари фаолияти билан танишди. Ушбу корхоналар раҳбар ва мутахассислари делегациямиз аъзоларига ўзлари ишлаб чиқараётган маҳсулотлар, яратилган шароитлар, экспорт бозоридаги ўрни бўйича маълумотларни тақдим этди. Фаолияти мос тадбиркорларимиз улар билан зарур келишувларни амалга оширди.