Улуғ муҳаддис илмий мероси ўрганилди
Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида “Имом Бухорийнинг ислом цивилизацияси ривожига қўшган ҳиссаси” мавзусида илмий-амалий конференция ўтказилди.
Анжуманда Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси маркази, Мусулмонлар идораси, Ҳадис илми мактаби раҳбарияти ва илмий жамоалари, Самарқанддаги олий ўқув юртлари профессор-ўқитувчилари, Ўзбекистон Фанлар академияси Археология институти олимлари ҳамда Самарқанд вилоятидаги давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари иштирок этди.
Тадбир Қуръон оятлари тиловати билан бошланди.
Шундан сўнг Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов, Ислом цивилизацияси маркази директори ўринбосари Фирдавс Ҳалимов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Зайниддин Эшонқулов ва бошқалар Имом Бухорийнинг муқаддас ислом дини ривожига қўшган беқиёс ҳиссаси, ҳадисшуносликдаги хизматлари ва бунинг эвазига муҳаддислар султони деб ном қозонганлиги ҳақида сўз юритдилар. Шу билан бирга юртимизда улуғ муҳаддис меросини ўрганиш ва тадқиқ этиш, у киши мангу ором топган масканни обод қилиш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратилди.
Жумладан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов айни пайтда янгидан барпо этилаётган Имом Бухорий мажмуасида Президент Шавкат Мирзиёев ташаббусига кўра аллома номи билан аталадиган инновацион музей ташкил этилаётганини таъкидлаб, анжуман қатнашчиларини мазкур музей концепцияси лойиҳаси билан таништирди.
– Музей 9 залдан иборат бўлади ва дастлаб пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ва бошқа пайғамбарлар ҳақида маълумотлардан бошлаб Имом Бухорийнинг ҳаёти, илм йўли ҳақида хронолик тарзда ҳимоя қилинади, – дейди Ш.Зиёдов. – Залларда улуғ бобомиз яшаган даврни акс эттирадиган сурат ва лавҳалар, қадимий ашёлар, қўлёзмалар, муқаддас динимиз тарихига оид манбалар замонавий ахборот технологиялари ёрдамида намойиш этилади. Музей ва унинг концепциясини яратишда Мадина шаҳридаги пайғамбаримиз сийратлари ва ислом цивилизaцияси музейи, Истанбул, Бурса, Анқара, Париж ва Буюк Британиядаги дунёга машҳур музейлар тажрибасидан фойдаланилди. Давлатимиз раҳбари қайд этганларидек, Имом Бухорий мажмуаси бугун улуғ алломамиз шуҳратига муносиб тарзда қайтадан бунёд этилмоқда. Зиёратгоҳ кўркам ва салобатли бўлиши табиий. Лекин бу ерга келган кишилар мажмуани фақат зиёрат қилиш билан чекланмай, ундан маърифат ўрганиши, сабоқ олиши керак. Қалби илм ва ҳикмат нурлари билан мунаввар бўлиши лозим. Президентимизнинг мазкур музейни ташкил этиш ғояларининг асоси шу аслида.
Анжуман қатнашчилари сўнгги йилларда Ўзбекистонда диний-маърифий соҳада олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар нафақат юртимиз уламолари, балки бутун ислом оламининг етук намояндалари томонидан юксак баҳоланиб, ислом илмлари ривожига беназир ҳисса қўшган аллома ва мутафаккирлар илмий меросини чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш борасидаги ишлар эътироф этилаётгани таъкидланди. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илми мактаби ва бошқа диний таълим муассасаларининг ташкил этилиши бу борада залворли қадам бўлди. Хусусан, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ходимлари томонидан қисқа вақт ичида 77 номдаги китоб ва халқчил рисолалар нашр этилди, буюк алломаларимизнинг 40 та ноёб асари ўзбек тилига таржима қилинди. Маҳаллий ва хорижий нашрларда мингдан зиёд илмий мақола эълон қилинди.
– Ислом дунёсида ҳадисларни тўплаган уламолар кўп, – дейди Мисрдаги Ал-Азҳар университети ўқитувчиси, айни пайтда Ҳадис илми мактаби тингловчиларига сабоқ бераётган Шайх Маҳмуд Ҳасан. – Улар орасида Имом Бухорий ҳазратлари тўплаган саҳиҳ ҳадислар алоҳида ажралиб туради ва уларнинг фазилати, қадри-қиммати беқиёс. Шу боис у зотнинг “Aл-Жомеъ ас-саҳиҳ” асари Қуръони каримдан кейин энг муқаддас китоб, ишончли манба дейилади. Чунки Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ҳадисларни тўплашда уларни қайси ровийлар айтгани, унинг устози ким бўлгани, зеҳни, хотираси қандайлигигача эътибор қаратган. Ҳар бир ҳадисни бир неча манбалар билан солиштириб, сўнгра энг асослисини қолдирган.
Анжуман доирасида қатнашчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби фаолияти, шунингдек, Имом Бухорий мажмуаси қурилиш жараёни билан яқиндан танишдилар.
Аллома хотираси ва меросига чуқур ҳурмат-эҳтиром тариқасида “Саҳиҳул Бухорий” тўплами хатм қилинди.
Конференция 22 июль куни Тошкент шаҳрида ислом цивилизацияси марказида давом этиши маълум қилинди.