Ургутда Вена тиббиёт университети олимлари билан ҳамкорликда "Гул чанги қопқонлари" қурилмаси ўрнатилди

Ургут туманини инновацион ҳудудга айлантириш бўйича амалга ошириладиган чора-тадбирлар дастурида аллергология соҳасида аэробиология йўналишини ривожлантириш мақсадида гул чанги қопқонини ўрнатиш ҳамда вилоятда кўп учрайдиган аллергия қўзғатувчиларнинг маълумотлар базасини яратиш ҳам кўзда тутилган.

Мазкур амалий лойиҳага инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан 107 миллион сўм маблағ ажратилган.

– Йилнинг мавсумий вақтларида ҳавода кўп миқторда аллерген гул чанглари бўлади, – дейди Инновацион ривожланиш вазирлигининг Ургут инновацион ҳудуди бўйича масъули А.Норбоев. – Баҳорда бу аллерген гул чанглари дарахтларда, ёзда эса турли хил ўт-ўсимликларда бўлади. Ўт-ўсимликларнинг аллерген гул чанглари бир неча юз метрга, дарахтларники эса ўнлаб километрга етади. Вазирлигимиз ҳузуридаги халқаро молекуляр аллергология маркази ходимлари аллерген бўлган гул чангларини прогноз қилиш ҳамда бу маълумотлар асосида аллергик касалликларнинг олдини олиш бўйича илмий тадқиқотларни амалга оширмоқда. Шунингдек, марказ томонидан Австриянинг Вена тиббиёт университети олимлари билан ҳамкорликда Lanzoni компаниясининг "Гул чанги қопқонлари" ("VPPS 2010") юртимизнинг турли ҳудудларида ўрнатилган. Бу ускуна орқали республикамиз ҳудудида аэробилогик тизимни ташкил қилиш, энг кўп тарқалган аллерген қўзғатувчиларни аниқлаш ва аэрополинологик мониторинг тизимини яратиш мақсад қилинган. Ушбу қопқонлар 80 километр радиусда ҳаводаги гул чангларини тутиб қолади.

Мазкур гул чанги қопқони Ургут тумани тиббиёт бирлашмаси марказий шифохонаси том қисмида ҳам ўрнатилган. Ушбу қурилма ёрдамида Самарқанд вилоятининг гул чанги тарқалиши ўрганилади. Олинган маълумотлар асосида вилоятга хос бўлган аллергик касалликлар ва уларни қўзғатувчиларини аниқлаш мониторинг тизими яратилади. Гул чангларининг кўпайиб бориш шароитига қараб ўсимликларнинг гуллаш календари ишлаб чиқилади.