“Устоз”да ўқитувчилар учун ўқув машғулотлари ташкил этилди

Оқдарё туманидаги “Устоз” сиҳатгоҳида Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими, вилоят халқ таълими бошқармаси, халқ таълими ходимларини қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш ҳудудий маркази ҳамда "SILK ROAD international Academy in Samarkand" МЧЖ ҳамкорлигида ўқитувчиларнинг дам олиши ва саломатлигини тиклаш, уларнинг малакасини ошириш юзасидан ёзги ўқув курслари ташкил этилди.

"Ҳаёт давомида ўқиш" тамойили асосида уюштирилган ушбу махсус курсларда ихтисослаштирилган мактабларнинг математика фани ўқитувчилари қатнашди.

Ўқитувчиларга Самарқанд давлат университети, малака ошириш ҳудудий маркази профессор-ўқитувчилари томонидан семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилди.

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси таълим сифатини баҳолаш бўйича халқаро тадқиқотларни амалга ошириш миллий маркази бўлим бошлиғи Низомиддин Каримов томонидан ўқув курси тингловчилари учун семинар ҳамда мастер-класслар ташкил қилинди.

Машғулотлар якунида ўқитувчилар олган билимларини синовдан ўтказди. Уларга Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан адабиётлар ҳамда қўлланмалар тарқатилди.

Низомиддин ОДИЛОВ,

Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси Самарқанд ҳудудий бўлими бош мутахассиси.