Узоқда яшайдиган абитуриентларни стадионларга элтиб қўйиш учун автобуслар ажратилиши мумкин

2020-2021 ўқув йили ва имтиҳонлар ташкил этилиши билан боғлиқ мавзуларда АОКА штабига аҳолидан келиб тушаётган саволларга Давлат тест маркази ахборот хизмати раҳбари Орзиқул Бобоев жавоб берди:

Савол: Кириш имтиҳонлари барвақт бўлса, камига биз вилоят марказига узоқдан борамиз. Абитуриентларни олиб бориб-олиб келиш учун автобуслар йўлга қўйилса бўлмайдими? Таксилар ҳам қимматлайди ўша куни...

Жавоб: Тегишли вазирлик ва ташкилотлар томонидан тест синови ўтказиладиган объектлардан узоқда жойлашган туманлардан абитуриентларни олиб келиш ва жойига етказиш бўйича жамоатчилик транспорти қатновларини йўлга қўйиш устида иш олиб борилмоқда.

Савол: Карантин ҳудудида сақланаётган абитуриентлар қандай имтиҳон топширади?

Жавоб: Тест синовлари фақат белгиланган очиқ майдонларда ўтказилади. Агар абитуриент карантинда бўлса, тест синовларида иштирок эта олмайди.

Савол: Бу йил 2020-2021 олий ўқув юртига киришда касб-ҳунар коллеж ва лицей китобларидан тестлар бўладими? Бу йил коллеж дарсликларидан савол тушмайди деган гаплар юрибди?

Жавоб: Тест топшириқлари Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинган тавсия этилган дарсликлар рўйхатида мавжуд китоблардан тузилади. Бунда ҳар бир фан бўйича дарсликлар турлича. Тест топшириқлари қайси дарсликлардан тузилишини расмий сайтимиздан кўришингиз мумкин.