Улар босмачи эмас: Озодлик жангчилари тақдири
Самарқанд вилоятида шўро тузумига қуролли қаршилик кўрсатган ҳаракатга Очилбек, Баҳромбек, Ҳамроқулбек сингари катта куч ва мавқега эга қўрбошилар бошчилик қилган бўлса-да, тарқоқ ҳолда Саид Мурод қўрбоши, Додҳоҳбек, Сариқулбой, Қорақулбек раҳбарлигидаги кичик тўдалар ҳам большевикларга сезиларли зарбалар берарди.
1920-1923 йиллар давомида вилоятда 15 нафар йирик қўрбоши гуруҳи фаолият кўрсатиб, улар таркибидаги минглаб қуролли қасоскорларнинг кўпчилиги тарқоқ ҳолда жанг қилишган.
Қуролли қаршилик ҳаракати иштирокчиларини бирлаштириш, уларнинг курашига маълум бир йўналиш беришга интилиш бўлганми? Албатта бўлган. 1922 йил 15-20 апрелда Самарқанд шаҳрида ярим яширин ҳолатда Туркистон мусулмонларининг 2-қурултойи бўлиб ўтди. Унда Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги барча нуфузли қўрбошилар ўн нафардан йигити билан, шу жумладан, Хоразм, Бухоро жумҳуриятлари ва Каспийорти, Оқмула вилоятларидан кўплаб вакиллар иштирок этди. Қурултойда Шермуҳаммадбек катта маъруза қилган.
Шермуҳаммадбек бошчилигида 1920 йил май ойида тузилган Туркистон муваққат ҳукумати – “Туркистон – Турк мустақил Ислом Жумҳурияти” Самарқанддаги қурултойда тасдиқланди. Қурултой охирида 7 бўлим ва 36 банддан иборат махсус резолюция қабул қилинди. Ушбу резолюция мамлакатнинг асосий Қонуни (Конституцияси) бўлмоғи лозим эди.
Дин пешволари, мулкдор кишилар совет тузумига қуролли қаршилик ҳаракатини ҳам маънавий, ҳам иқтисодий жиҳатдан қўллаб турган. Ана шуларнинг исботи сифатида самарқандлик Мулла Холиқулнинг миллатга қилган қуйидаги даъвати ибратли ва таъсирли: «Ҳудуднинг мулкдор кишилари бўлган Хўжа Эшонқул оқсоқол, Хўжа Шодибек, Ражаббек, Абдурауфбой, Икромбой, Мулла Оқил, Неъматуллабек ва бошқаларни душманга қарши кураш учун 200 тилла, 200 дона 5 сўмлик олтин танга, 50 дона этик, 200 аршин газлама ва бошқа миқдордаги мол-мулкларни тўплашга чақираман. Ушбу саъй-ҳаракатларнинг ҳаммаси Ватан мустақиллиги учун қилинади. Бу ёруғ дунёда ҳеч ким абадий яшамайди... Охирги қонингиз қолгунича кураш олиб боринг!». Бу чақириқ хатига бир қанча нуфузли дин пешволари имзо –бармоқ изларини босишган.
Миллий озодлик ҳаракати айниқса, 1921-1923 йилларда кенг қулоч ёзди. Бу вақтда Самарқанд вилояти ҳудудида 10 минг нафардан зиёд ҳаракат иштирокчилари мавжуд эди. Архив ҳужжатларидан шу нарса маълумки, советларга қарши бундай оммавий ҳаракатлар вилоятдаги бошқарув идоралари раҳбарларини, ҳарбий қисмлар бошлиқларини қаттиқ чўчитиб юборди. Улар ёрдам сўраб Москва ва Тошкентга тинимсиз мурожаат қила бошладилар. Давлат сиёсий бошқармасининг Самарқанддаги вакиллари қўрбошилар ўртасига нифоқ солиш, уларнинг бирлашиб, янада катта кучга айланишига йўл қўймаслик учун яхшигина маблағ эвазига ишлайдиган хуфяларни, пул учун ҳар нарсага тайёр хоинларни ишга солишди ва маълум даражада ўз мақсадларига эришдилар ҳам.
Минг-минглаб кишилар ватан мустақиллиги ва эрки йўлида курашаётган бир пайтда тўс-тўполон даврдан фойдаланиб, халқини талаш, ўғирлик, қароқчилик йўлига ўтган кичик тўдалар ҳам пайдо бўлди. Улар ўз нафси йўлидаги хатти-ҳаракатлари билан миллий озодлик жабҳасидаги курашларга доғ туширдилар. Бу ҳол янги тузум маддоҳларига ҳам қўл келди. Жойларда “ана, “босмачилар” қилган ишни кўриб қўйинг” қабилидаги тарғибот кучайтирилди.
Қўлга тушган қуролли қаршилик ҳаракати иштирокчилари аёвсиз жазоланди. Уларнинг бир қисми отиб ташланган бўлса, қолганлари СССРда ўша йилларда ташкил топа бошлаган қонцентрацион лагерларга жўнатилди.
Ўзи ҳам кўп йиллар қатағон азобини тортган, турли қамоқхона-ю, лагерларда бўлган рус ёзувчиси Александр Солженицин «Архипелаг ГУЛАГ» асарида Соловецк оролидаги энг машҳур ва даҳшатли қамоқхонага келтирилган маҳбусларни қандай кутиб олишганини шундай тасвирлайди: «… Бу ерга қадам босган шўринг қурғурларнинг кўзи бошқа нарсалардан аввал афсонавий собиқ ротмистр Курилкога тушади. У ўзининг чекистлар киядиган узун ҳарбий шинелида қатор тизилиб турган маҳбуслар олдида бирор бочка ёки бошқа баландроқ нарсанинг устига чиқиб ғазаб ва нафрат тўла овози билан уларга қарата навбатдаги нутқини бошлайди...
- Э-э-эй! Диқ-қа-ат! Бу ер Совет республикаси эмас, Соловец республикасидир. Билиб қўйинг – бу ерга ҳали бирор прокурорнинг қадами теккан эмас ва тегмайди ҳам! Сизлар бу ерга қилмишларингдан афсусланиб, тузалиш учун юборилмагансизлар! Букрини тузатиб бўлмайди! Тартиб шундай: «ўтир» десам ўтирасан, «ёт» десам ётасан! Уйга хат бундай ёзилади: тирикман, соғман, ҳаммаси яхши! Нуқта!».
Унинг бу нутқини кечаги номдор дворянлар, пойтахтлик зиёлилар, поплар, муллалар, Ўрта Осиёдан келтирилган бошқа оддий халқ ҳайратда қотганича тинглайди” (мақола муаллифининг эркин таржимаси).
“Босмачи” тамғаси билан (аслида қуролли қаршилик ҳаракати иштирокчилари) қамалган юзлаб юртдошларимиз 1923 йилдан бошлаб айнан шу оролдаги даҳшатли қамоқхонага ташланди. Ўша йилларда қамалган юзлаб, минглаб туркистонликлардан фақат бармоқ билан санарли кишиларгина омон қайтишган. Ушбу орол ҳудудида 2000-2014 йиллар ёз мавсумида текширув олиб борган Россиядаги “Мемориал” ташкилоти (улар ҳам қатағон қурбонлари қисматларини ўрганиш, номларини аниқлаш, тиклаш билан шуғулланади) аъзоларининг таъкидлашича ана шу изланишлар натижасида маҳбуслардан 15-20 нафари биратўла отиб ташланган ўнлаб жойларни очишган. Демак, улар суд-сўроқсиз қатл этилган.
1920-йиллар ва 30-йилларнинг бошларида шўро тузумига қарши қуролли қаршилик ҳаракатида иштирок этганларнинг катта қисми 3-5 йиллик қамоқ жазосини ўтаган бўлса-да, аммо 1937-1938 йилларда яна қатағон домига тортилдилар. Булар қуролли қаршилик ҳаракатида иштирок қилганликда айбланиб, 1937-1938 йилларда жазога тортилган минглаб ватанпарварлар сони олдида денгиздан бир томчидек гап. Мана, улардан бир неча нафарининг исми-шарифлари:
Абдухолиқов Иноятулла – 1896 йил Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Архивариус бўлиб ишлаган. 400 кишилик қуролли қаршилик ҳаракати отряди тузганликда ва қулоқлар хонадонлари ҳужжатларини ёндириб юборганликда айбланган. 1937 йил 19 сентябрда 10 йилга қамалган.
Саидов мулла Ҳусаин – 1897 йил Каттақўрғон шаҳрида туғилган. Қуролли қаршилик ҳаракати (“босмачилик”) даврида 500 кишилик отряд тузганликда ва “Миллий иттиҳод” ташкилоти аъзоси бўлганликда айбланиб, 1937 йил 1 октябрда 10 йилга ҳукм қилинган.
Ҳидоятбеков Иноят Тўра – 1897 йил Каттақўрғон шаҳрида туғилган. “Миллий иттиҳод” ташкилотининг аъзоси бўлганликда ва қуролли қаршилик ҳаракати отрядини тузганликда айбланган. 1937 йил 20 сентябрда 10 йилга ҳукм қилинган.
Самандаров мулла Қилич – 1880 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Чақар қишлоғида туғилган. Қулоқ қилинган эшонлардан. Қуролли қаршилик ҳаракатида иштирок этган, деб айбланган. 1937 йил 19 августда отувга ҳукм қилинган.
Саидов Абдурасул – 1878 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Шайх ислом қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида бўлганликда ва қуролли қаршилик ҳаракатида иштирок этганликда айбланиб, 1937 йил 19 августда отувга ҳукм қилинган.
Абдуқосимов Яхшибой – 1902 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Киким (Қийқим) қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда айбланган. 1937 йил 19 августда 10 йилга қамоққа ҳукм қилинган.
Саидов Абдуқодир – 1873 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Шайх ислом қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда ва советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланган. 1937 йил 4 октябрда 10 йилга қамалган.
Омонов Абдуғани – 1874 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Баҳрин қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда ва советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланган. 1937 йил 10 октябрда 10 йилга қамалган.
Зокиров мулла Абдураҳмон – 1868 йил Тожикистоннинг Один қишлоғида туғилган. Митан туманидаги қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда ва аҳолини уларга кўмаклашишга чақирганликда айбланган. 1937 йил 4 октябрда 10 йилга ҳукм қилинган.
Назаров Равшан – 1911 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Қора қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда ва советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланган. 1937 йил 10 октябрда 10 йилга қамалган.
Абдужалилов Холмат – 1878 йил Митан (ҳозирги Иштихон) туманининг Баҳрин қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда ва советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланган. 1937 йил 13 октябрда 10 йилга қамалган.
Ёрмаҳмадов Алмаҳмад – 1882 йил Қорадарё туманининг Қусват қишлоғида туғилган. “Қулоқ” қилинган. Қўзғалончилар гуруҳида иштирок этганликда ва советларга қарши тарғибот олиб борганликда айбланган. 1937 йил 3 ноябрда 10 йилга қамалган.
Ҳолбуки, СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси музейи ходимлари томонидан тайёрланган Самарқанд вилояти бўйича қатағон қурбонлари “Хотира китоби”нинг 1-томига бундай кишилардан мингдан зиёди номма-ном аниқланиб киритилди.
1918-1925 йилларда Туркистондаги миллий қуролли қаршилик ҳаракати билан курашиш учун ташланган совет мунтазам қўшинларида маънавий аҳвол, уларнинг моддий таъминоти қандай эди? Булар ҳақида қуйидаги ҳужжатлар яққол ҳикоя қилади.
Инқилобий ҳарбий кенгаш аъзоси Березеннинг 1921 йил 31 июлдаги докладидан: «Зиммасига «босмачилар» тўдаларига қарши курашиш вазифаси юкланган қизил гвардиячилар отрядлари асосан жиноятчи шахслардан шакллантирилган. Уларнинг ҳар бир юриши тинч аҳолига нисбатан зўравонлик, талончилик, ўлдиришдан иборат бўлмоқда. Қишлоқларга бундай юришлар чоризм давридаги жазо отрядларининг хатти-ҳаракатларидан ҳеч қандай фарқ қилмайди… Бизга юборилган хабарларда босмачиларга қарши кураш бораётган кейинги уч йил давомида улардан 300 минг киши йўқ қилингани ҳақида айтилади. Ваҳоланки, қуролли тўдалардагилар сони ҳеч қачон 15 минг кишидан ошмаган. Демак, ўша 300 минг киши тинч аҳолидан бўлган. Бундан шу нарса келиб чиқадики, ана шу ҳаракатлар давомида “босмачилар” эмас, балки мунтазам равишда меҳнаткаш деҳқонлар йўқ қилинган».
Ёки, мана бу ҳужжатга ҳам эътибор қаратинг. Туркистон фронти сиёсий бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Исаев Туркбюро раиси Гусевга 1922 йил 28 майда йўллаган телеграммасида қуйидагиларни маълум қилади: «Самарқанд вилоятида командирлар таркибининг биргаликда уюштирадиган ичкиликбозликлари туфайли обрўйи ва нуфузи тушиб бормоқда… Аксарият ҳарбий қисмларда тартиб-интизом қониқарсиз аҳволда. Тинч аҳолига нисбатан зўравонлик, уларни калтаклаш ҳоллари табора кўпаймоқда.
Масалан, 1 май куни уч нафар қизил гвардиячи байрам муносабати билан ўтказилаётган намойишдан кетиб қолиб, йўлда уларга ёрдам сифатида озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келаётган маҳаллий аҳолидан уч кишини учратиб, барча нарсаларини тортиб оладилар ва ўзларини калтаклашади. Оқибатда тинч аҳолидан бир киши шу ерда жон беради. Қизил армия қисмларидагиларнинг 75 фоизи босқинчилик, зўравонлик иллатига мубтало бўлишган. Ҳарбий қисмларни кийим-кечак билан таъминлаш хароб аҳволда. Уларнинг 25-90 фоизида кийим-кечак етишмайди. Самарқанд вилоятидаги иккита дивизион ва учта отлиқ полк на оёқ кийим, на усти-бош билан таъминланган».
Шундай ҳоллар ҳам бўлганки, ўша пайтлари ўрнатилаётган совет тузумига қарши қуролли кураш раҳбарлари – қурбошиларни қўлга туширолмагач, уларнинг яқинлари гаров сифатида ушланиб отиб ташланган. Буни Самарқанд вилоятидаги қўшинлар қўмондони Снитконинг Туркистон фронти қўмондонига 1922 йил 10 сентябрда йўллаган ушбу телеграммасидан ҳам билса бўлади: «Туркистон фронти Инқилобий ҳарбий кенгаш томонидан менга берилган ваколатга кўра буюраман: Ушбу буйруқ волостлар ва қишлоқлардаги вакил шахсларга етказилгандан сўнг 48 соат ичида Баҳром, Очил, Ҳамроқул, Зиёвуддин ва Шаҳриёр қурбошилар ўз йигитлари билан келиб қуролларини топширмаса, уларнинг беш нафар яқин қариндошлари отиб ташланади».
Шу нарса яхши маълумки, совет тарихшунослигида ўнлаб йиллар давомида “Марказий Осиё минтақасининг мусулмон аҳолиси Октябрь инқилоби туфайли содир бўлган ўзгаришларни қувонч билан қарши олди”, деб таъкидлаб келинди. Ушбу тузумга қарши қуролли кураш иштирокчиларини эса «босмачилар» деган ном билан атади. Уларни йўлтўсар қароқчилар билан бир сафга қўйди. Аммо кейинги йилларда Ўзбекистон, Россия Федерацияси архивларида сақланаётган ва махфийлик тамғаси олиб ташланган ҳужжатлардан шу нарса аён бўлаяптики, ўтган асрнинг 20-йилларида фаолият юритган совет идоралари масъул ходимлари, қизил қўшиннинг юқори мансабдорлари ҳам тан олишганидек, қуролли қаршилик ҳаракати мунтазам равишда тинч аҳоли еридан, мулкидан жудо бўлган деҳқонлар, яқинлари ваҳшиёна қиличдан ўтказилган, отиб ташланган. Юрагида қасос ўти ёнган, зўрлаб татбиқ этилаётган, киритилаётган ижтимоий тузумни қабул қилишни истамаган кишилар ҳисобига тўлиб бораверган. Демак, ҳаракат – советларнинг босқинчилик сиёсатига нисбатан қуролли қаршилик сифатида майдонга келган эди.
Музаффар МУҚИМОВ,
СамДУ тузилмасидаги Қатағон қурбонлари хотираси ҳудудий музейи директори.