“Холодец” кексаликка даво
Ёғли ва тўйимли бу таом шу пайтгача унчалик фойдали эмас, деб келинарди. Аммо уни меъёрида тановул қилиш нафақат фойдали, балки кўп касалликларга даво ҳам экан (“АиФ”, 2020 й. 53-сон).
Ғарб мамлакатларига тарқалган бу таом энди инсон саломатлиги учун энг зарур тансиқ овқатлар рўйхатининг юқори қаторидан жой олмоқда. “Холодец” ва унинг шўрваси гўштсиз суякни 4 соатдан 78 соатгача бир маромда қайнатиш орқали тайёрланади. Шу вақт давомида суяк ва илик таркибидаги глюкозамин ва хондроитин мазали қуюқ шўрвага айланади. Бу моддалар эса остеоартрит, артрит ва “мойи” қочган бўғин суяк касалликларига даво бўлиш билан бирга ўпка, йўғон ичак, шамоллаш, томир хасталикларининг ҳам олдини олади.
Яқинда АҚШда глюкозамин ва хондроитин устида олиб борилган тадқиқотлар якуни ўлимга олиб келган барча сабаблар 39 фоизга, юрак-қон томирлари касаллиги 65 фоизга камайганини исботлади.
Ўтган йили ёзда Буюк Британияда 500 минг киши устидан олиб борилган 9 йиллик тадқиқотлар натижалари эълон қилинди. Глюкозамин уларда умумий ўлим ҳолатини 15 фоиз, юрак-қон томир касалликларидан ўлимни 18 фоиз, нафас олиш органи касаллигини 27 фоиз, ракни 6 фоизга, овқат ҳазм қилиш тизими хасталикларини 26 фоизга камайтирган.
Бундан ташқари, “холодец” таркибидаги кўп миқдордаги коллаген тери майинлигини таъминлаб, ажин ҳосил бўлиши, тиришишига йўл қўймайди. Ҳафтада бир мартага “холодец” тановул қилиб туриш қонда холестерин миқдорини ошиб кетишига ҳам йўл қўймайди, дейди тадқиқотчилар.
Т.Шомуродов тайёрлади.