Японияда жазирама туфайли 4 мингга яқин одам касалхонага ётқизилган

Мамлакатда 3-9 июль кунлари жазирама туфайли камида 3964 киши касалхонага ётқизилган. Кўрсаткич ўтган ҳафтага нисбатан 737 кишига кўпдир. Бу ҳақда сешанба куни Япониянинг маъмурий ишлар ва коммуникациялар вазири Такеаки Мацумото маълум қилган.

"Жабрланганларнинг ярмидан кўпи кексалардир. Биз аҳолини иссиқлик уришига қарши курашда асосий чора-тадбирларни кўришга, жумладан, етарли миқдорда мунтазам сув истеъмол қилишга чақирамиз", - деган вазир.

Японияда энг иссиқ об-ҳаво одатда июль ва август ойларида содир бўлади. Сўнгги кунларда мамлакатнинг кўплаб ҳудудларида 35 даражадан юқори ҳарорат қайд этилди. Японияда ҳар йили иссиқлик уриши ўн минглаб одамларнинг касалхонага ётқизилишига олиб келади ва юзлаб ўлимлар қайд этилади.