Йўналишли такси – микроавтобус ва “Дамас” ҳайдовчиларига йўловчи ташишга рухсат берилгани йўқ
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси барча йўналишли таксилар - микроавтобус ва “Дамас” ҳайдовчиларини карантин қоидаларни бузмасликка чақиради.
Ўтказилган кузатувлар натижасига кўра, жойларда республика махсус комиссиясининг қарорини нотўғри талқин қилиш ҳоллари учрамоқда. Жорий йилнинг 17 августидан бошлаб жамоат транспортига йўловчи ташиш учун рухсат берилди. Бироқ йўналишли таксиларда, яъни микроавтобус ва “Дамас”ларда йўловчи ташиш ҳоллари кўзга ташланаяпти. Бироқ махсус комиссия томонидан жорий йилнинг 12 августида қабул қилинган қарорда ушбу фаолият турига рухсат берилгани йўқ.
Ҳурматли ҳайдовчилар! Махсус комиссия томонидан йўналишли таксиларга рухсат берилмагунга қадар йўловчи ташиш карантин қоидаларни бузиш ҳисобланади. Буни ёдда тутинг. Карантин қоидаларини бузиш эса тегишли тартибда жаримага тортилишингизга сабабчи бўлиши мумкин. Шунинг учун карантин даврида белгиланган талабларни бузманг.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Республикаси транспорт вазирлиги томонидан йўналишли таксилар фаолиятини қайта тиклаш борасида республика махсус комиссиясига таклифлар киритилган. Ўйлаймизки, бу таклифлар албатта, ижобий натижа беради.
Самарқанд вилояти транспорт бошқармаси ахборот хизмати.