Интернетдаги бўш иш ўринлари ҳақиқатда борми?

Ҳозир интернет орқали иш топиш осон. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг миллий вакансиялар базаси ish.mehnat.uz сайти орқали жисмоний шахсларга исталган касб тури бўйича иш излаш имкони яратилган. Балки, буни ҳамма ҳам билмаслиги мумкин.

Сайтда ҳудудлар кесимида қайси касб бўйича иш керак бўлса, ўша ҳудуд ва касбни танлаб, қидирув тугмасини босиш лозим. Ўша ҳудуд кесимида қанча бўш иш ўрни бўлса кўрсатилади. Сайтдан исталганча бўш иш ўринлари ҳақида маълумот олиш мумкин. Биз киритилган бўш иш ўринлари ҳақиқатда мавжудлигини билиш мақсадида айрим бўш иш ўринлари учун берилган эълонлар асосида телефонларга қўнғироқ қилдик.

Сайтда Каттақўрғон тумани 64-умумий ўрта таълим мактабида ўқитувчи (ҳар хил фанлар бўйича) вазифасига 3 та иш ўрни бўлиб, ойлик маоши 1 350 600 сўмдан белгиланган. Сайтда берилган телефон рақами мавжуд эмаслиги боис, эълон берган киши билан боғлана олмадик. Ҳозирча 87 киши томонидан кўрилган ушбу эълон жорий йилнинг 5 ноябрида жойлаштирилган.

Каттақўрғон туманидаги “Делфинча” 8-мактабгача таълим ташкилотида 0,5 ставкали 4 та иш ўрни бўлиб, унга ўрта махсус маълумотга эга ходимлар тарбиячи ёрдамчиси вазифасига ишга олиниши, иш ҳақи 516 376 сўмлиги кўрсатилган. Сайтда берилган телефон рақамини ҳеч ким кўтармади. 2020 йил 5 ноябрда жойлаштирилган ушбу эълонни бизгача атиги 1 киши кўрган экан.

Сайтда тарбиячи ёрдамчиси вазифасига Каттақўрғон тумани бўйича 55 та бўш иш ўринлари жойлаштирилган.

Оқдарё тумани 1-мактабгача таълим ташкилотида 1 ставкали 6 та иш ўрни бўлиб, унга олий маълумотли ходимлар тарбиячи вазифасига ишга олиниши ҳамда 1 114 545 сўм маош тўланиши ёзилган. Сайтда кўрсатилган телефон рақамига бир неча бор қўнғироқ қилсак-да, туша олмадик. Ушбу иш ўрнини бизгача 3 киши кўрган, бу эълон ҳам жорий йилнинг 5 ноябрида жойлаштирилган. Агар ҳақиқатда ушбу иш ўринлари бўлса, сайт 20 кундан буён янгиланмаган ёки ушбу иш ўринларига ҳали ходим олинмаган, деган хулосага келиш мумкин.

Паст Дарғом туманидаги 29-мактабгача таълим ташкилоти учун кўрсатилган 0,5 ставкали хореограф вазифасига 372 000 сўм маош берилиши кўрсатилган. Қизиғи, сайтда берилган телефон рақамини кўтарган йигит ҳеч қандай эълон бермагани, ўзи Тошкентда қоровул бўлиб ишлашини айтди.

Тойлоқ тумани Галаботир қишлоғидаги 15-мактабгача таълим ташкилотига 0,25 ставкали ҳамширалик вазифасига эълон берилган, ойлик маоши 266 000 сўм.

- Аслида бу маошга ҳеч ким ишга келмайди, - деди боғча мудираси Хосият Йўлдошева. – Шунинг учун мен бу ишни боғчада 1 ставка ишлайдиган ҳамширага юклагандим. Туман бандлик бўлими бўш иш ўрнини яширгансиз, дея жаримага тортди. Шундан кейин 0,25 ставкали иш ўрни бўйича эълон бердим.

Оқдарё политехника коллежига ҳамширалик вазифасига 1 ставка иш ўрни бўлиб, унга 1 140 595 сўм маош кўрсатилган. Ажабланарлиси, эълонда берилган телефонни кўтарган йигит ҳеч қандай эълон бермагани ва ўзи Ургут туманида яшашини айтди.

Биз интернет орқали иш топиш осон, деб янглишибмиз. Аслида ҳали ҳам янгича дунёқараш, янгича фикрлашга тайёр эмас эканмиз. Авваллари бўш иш ўринлари ёлғондакам қоғозда бўлса, энди ушбу ёлғон маълумотлар интернетга жойланяпти.

Хўш, бундан мақсад нима? Халқни алдашми, режадаги ишни ёлғондан бўлса ҳам бажаришми?

Иш ўрни бўлмаса йўқ дейлик. Қачонгача ўзимизнинг оёғимизга ўзимиз болта урамиз?

Хуршида ЭРНАЗАРОВА.