Фестивалга келган меҳмонларга 10 хил тилда таржимонлик хизмати кўрсатилади
Айни пайтда Самарқанд шаҳрида 12-бор ўтказиладиган Шарқ тароналари халқаро мусиқа фестивалига тайёргарлик жараёнлари қизғин давом этмоқда. Фестивални ўтказиш бўйича штабдан олинган маълумотларга қараганда, шу пайтга қадар 33 та давлатдан 146 нафар санъаткор иштирок этиши кутилмоқда.
Бундан ташқари, шаҳримизга халқаро ҳайъат аъзолари, қолаверса, фестивал доирасида ўтказиладиган илмий анжуман иштирокчилари, оммавий ахборот воситалари ходимлари, блогерлар, фестивалнинг фахрий иштирокчиларидан иборат 300 нафарга яқин меҳмонлар ташриф буюриши кўзда тутилган. Уларни муносиб кутиб олиш, фестивал доирасидаги тадбирларда иштирок этиши, мароқли хордиқ чиқариши, диққатга сазовор жойларга саёҳат қилиши учун етарлича шарт-шароитлар яратиш мақсадида зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқилган.
Маълумки меҳмонлар турли чет тилларида сўзлашади. Биз улар билан дилдан суҳбатлашишимиз, миллий мумтоз куй-қўшиқларимиз, уларнинг яратилиш тарихи, анъаналаримиз, урф-одатларимиз, муқаддас обидаларимиз ҳақида қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб қайтаришимиз зарур. Шу сабабли ҳам Самарқанд давлат чет тиллар институтидан тажрибали, билимли профессор ўқитувчилари ва талабаларидан иборат 215 нафар таржимонлар танлаб олинди ва уларнинг гуруҳлари шакллантирилди. Улар инглиз, рус, корейс, итальян, испан, француз, немис, хитой, япон ва араб тилларида хориждан келадиган меҳмонларга таржимонлик хизматини кўрсатади.
Тўлқин Сиддиқов.