16 ёшида ўз пулига машина олган ишбилармон хитойликларни лол қолдирган дастурчи билан суҳбат
Тадбиркорлик пул топиш йўлидаги ҳаракатми ёки қизиқишларинг, ўрганган соҳангнинг етук устаси бўлгач, пулни ўзи келтирадиган жараёнми? Тўғри, бу масалада фақат бир томонлама фикр билдириб бўлмайди. Сабаби, истаймизми, йўқми, аксар тадбиркорлар аввало пул топиш, сармоясини кўпайтириш учун шу иш билан шуғулланади. Аммо саноқли бўлса-да, шундай тадбиркорлар борки, улар ишини қизиқишдан бошлаган. Қизиқиш деганимиз шунчаки ниманидир ўрганиш, томоша қилиш эмас, бирор соҳага қалб қўрини бериш, ўша соҳа уники эканини ўз вақтида англаш, ҳаёти шу соҳа билан мазмунли эканлигини тушунишдир.
Самарқандлик тадбиркор - Хайрулла МАМАСОЛИЕВ ҳам худди шундай инсонлардан. Кўпчилик уни блогер деб ўйлайди, баъзилар эса касби номаълум саховатпеша инсон сифатида танийди. Катта лойиҳаларга қўл урган тадбиркор Хайрулла Мамасолиев билан суҳбатимиз унинг ташаббус ва лойиҳалари ҳақида бўлди.
- Сизни фаол блогер, ташаббускор сифатида биламиз, аммо бу соҳага алоқам йўқ, деб айтаяпсиз. Ўзингизни таништиринг? (Дарвоқе, биринчи марта суҳбатдошимга шундай савол билан мурожаат қилишим).
- Тадбиркорман… Фақат атрофдаги воқеа-ҳодисалар, Самарқандга, муҳтож инсонларга бефарқ эмасман. Шунинг учун ижтимоий тармоқларда қийин вазиятда қолган инсонларга ёрдам беришга мўлжалланган гуруҳлар ташкил қилдик, самарқандликлар орасида озми-кўпми танилдик. Шунинг учун бўлса керак, баъзилар блогер деган хаёлга боради. Йўқ, ахборот тарқатиш, блогерлик билан шуғулланмайман. Фақатгина ишимиз тақозосига кўра одамларга ахборот беришга тўғри келгани ва кўпчилик бунга қизиққани учун тармоқларда фаолмиз. Яхши ишни бошласанг унга қўшилиб, ёрдам берадиганлар ҳам кўпаяр экан. Самарқандда ижтимоий дўкон ташкил қилдик, кенг аҳоли қатлами бунга жалб этилди. Буни қарангки, кўпчилик шундай ташаббусга қўшилиш, одамларга ёрдам қўлини чўзишни ич-ичидан истаб турган экан. Кўнгиллилар, муҳтожлар учун кийим-кечак олиб келиб берувчилар кўпайди. Муҳтож аҳолига ёрдам берадиган гуруҳлар мунтазам ишлай бошлади. Бу фаолиятга нафақат тадбиркорлар, балки блогерлар ҳам қўшилди, кўмак берди, маҳсулотларни тарқатишда, одамларнинг савоб ишга қўшилишига ҳисса қўшди.
- Самарқанддаги “Эзгулик кутубхонаси”, Сардоба фожиасидан жабр кўрганларга ёрдам лойиҳаларингиз ҳам анча оммалашди. Юзлаб одамлар бу ташаббусларда фаол қатнашганига гувоҳ бўлдик. Коронавирус пандемияси пайтида қийин аҳволда қолган инсонларга шифокор маслаҳатини бепул ташкил этиб берганларингиз ҳақида ҳам эшитдик. Айтингчи, одамларга ёрдам беришга иштиёқ пайдо бўлганини қачон ҳис қилгансиз? Табиатан шундаймисиз ёки бу фаолиятингизга нимадир туртки бўлганми?
- Болалагимдан шундай ўсганман. Эс-эс биламан, ўртоқларимга нимадир яхшилик қилсам, ўзимни жуда эркин ва яхши ҳис қилардим. 15 ёшимда ковуш кийиб футбол ўйнаётган болаларни кўриб, чидаб туролмагандим. Уларни йиғиб, дўконга олиб борганим ва ҳаммасига кеда, тўп олиб берганим ёдимда. Ўшанда адашмасам ўзим ҳам 15-16 ёшли ўспирин эдим. Ўйламанг, бу ҳаракатимдан сўнг ўзимни қаҳрамон ҳис қилганим йўқ, шунчаки хотиржам бўлганман, холос. Эҳтимол, оилада шунақа тарбия кўрганим учунми, ҳарҳолда кимгадир ёрдам бериш менга доим таскин беради.
- Отангизнинг жамғармасидан бўлганми бу хайрия?
- Йўғ-е, унақа эмас. Ўша пайтиёқ ўзимнинг маблағимга машина ва телефоним бўлган (у пайтлари уяли телефон камдан-кам одамда бўларди). Машинамни фақат маҳалламиз ичида ҳайдардим.
- 16 ёшли ўспириннинг шунча катта маблағи бўлиши ақлга сиғмайдику...
- Ўтган аср 90-йилларнинг боши, компьютер технологиялари мамлакатимизга энди кириб келаётган пайтлар. Аниқ фанларни яхши кўрардим, уйимизда компьютер бор эди. Уни ишлатиб, ичидаги бор функцияларни ўрганишга жуда эрта қизиққанман. Кўп дастурларини ўша ёшимдаёқ ўзлаштириб олгандим. Бу билимим борлигини эшитиб, кўпчилик илтимос қилиб келадиган бўлди. Сабаби, аксар йирик корхоналар компьютерда иш бошлашга киришган, аммо уни тушунадиган мутахассис кам эди. Вояга етмаган бўлсам ҳам Самарқанддаги бир нечта банклар мени ишга таклиф қилишди. Аввалига Жомбой туманидаги корхоналардан бирида ишладим (шу туманда вояга етганман), кейин банкка таклиф қилишди. Тўғри, банк каттароқ маош ваъда қилди, лекин мен маблағ учунмас, балки у ерда янги русумдаги компьютер жамланмалари борлиги учун ўтганман. Шу тариқа 16 ёшимда яхшигина жамғарма бўлган менда. Қаердаки, ўзим қизиққан соҳани ўрганиш, олдингидан яхшироқ ўзлаштиришга имкон бўлса, ўша ерга қараб кетавердим. Бир жойда қолиб кетишни, мана, шунча нарсани биламанку, дея шу билан кифояланишни истамасдим.
- Лойиҳаларингиз хилма-хиллигига қараганда ҳалиям шу феълингиз бор...
- Бу феъл ўзим билан қолса керак. Ростдан ҳам бир иш доирасида қолиб кетишни истамайман. Қаердаки янгилик бўлса, шунингдек одамларга, айниқса ёшларни қўллаб-қувватлашга, уларнинг вақтини мазмунли ўтказиб, келажакда оиласига, жамиятга керакли инсон бўлиб улғайишлари учун шароит билан боғлиқ фаолият бўлса, иккиланиб ўтирмайман. Билганим шуки, бу каби шароитлар яратиш хориж мамлакатларида асосан ишбилармонлар томонидан амалга оширилади. Тўғри, давлат қўллаб-қувватлайди, субсидиялар ажратиши мумкин. Айтмоқчиманки, ёшларни нимагадир жалб қилиш, қизиқтиришни кимгадир буйруқ бериб амалга ошириб бўлмайди. Бунинг учун уни бажараётган одамда иштиёқ бўлиши керак.
- Ҳали 18 га кирмаёқ турли ташкилотларда “талаш” бўлган мутахассис қандай қилиб бу жараёндан ажралиб чиқди?
- Кейин турли алоқа компанияларида ишладим. Юқорида айтганимдай, техника билан боғлиқ ҳар қандай соҳани ўзлаштиришга қизиқишим кучли. Хитой билан ҳамкорликдаги алоқа компанияларидан бирида ишлаётган пайтим дастурлардан бирига ўзгартириш киритиш зарур бўлиб қолди. Хитойлик мутахассислар бунинг иложи йўқлигини айтишганда, уни амалга оширишга уриниб кўрдим ва уддаладим. Ўшанда улар мени Хитойдаги бош офисига ишлашга жуда кўп таклиф қилишди. Лекин кўнмадим. Шундан сўнг ҳам техника соҳаси билан боғлиқ йўналишларда ўзимни синаб кўришга интилдим. Дейлик ҳозир ҳам Багги автомашиналарини (спорт, аттракционлардаги пойга мақсадларида фойдаланиладиган машина) ясаяпмиз. Уни Нурободдаги йирик лойиҳамизнинг бир аттракциони сифатида қўллаймиз.
- Дарвоқе, Нурободдаги йирик лойиҳа анча овоза бўлди. Унинг амалга ошишига ишонмаганлар ҳалиям бор. Лойиҳани ҳокимият қўллаб-қувватлаши осон бўлмагандир.
- Ҳар қандай ишни осонликча бажаришнинг иложи йўқ, аммо лойиҳа пишиқ бўлгани учундир, вилоят ҳокими қўллаб-қувватлади. Барча ишнинг ортида машаққат бор. Тўғри, ҳалиям ушбу лойиҳага ишончсизлик билдираётганлар бор. Карантин туфайли қурилиш жараёнлари тўхтаб қолган бўлса-да, аммо асосий ишни бошлаб олдик. Инвесторларимиз хитойлик бўлгани учун қурилиш масалаларида узилиш бўлиб турибди. Нуробод туманидан 160 гектар ер ажратилган ушбу киношаҳарча ҳақида батафсил оммавий ахборот воситаларида ахборотлар чиқди. Унда киномактаб, кинотўгарак, дор йўли, кино олиш учун шароит, томошагоҳлар қуриш кўзда тутилган. Шунингдек, айни пайтда Қорасув масканида замонавий кинотеатр қуряпмиз. Умумтаълим мактабларига яқин ҳудудларда мобиль тўграклар ташкил қилишни режалаштирганмиз. Болаларнинг турли саволларига жавоб бера оладиган виртуал энциклопедия дастури қарийб тайёр бўлди. Ментал арифметикани ўргатиш учун ўқув марказлари ишга туширилиши арафасида.
- Бунча кенг кўламдаги ишларга қандай улгурасиз?
- Инсон яхшилик қилиш, кимгадир нафим тегсин деган мақсад билан ишласа, албатта, йўлидаги ғовлар осон олиб ташланар экан.
- Лекин олинмаган ғовлар ҳам бўлгандир…
- Тўрт-беш йил аввал электр энергиясида қанчалик муаммолар бўлганини биласиз. Ўша пайтлар йўлларда светофор ўчиб қолиб, тартибсизликлар кўпайиб кетарди. Ўшанда жамоамиз билан электр энергиясида узилиш бўлса-да, светофор ишлаб туриши мумкин бўлган қурилма ясадик. Шуни тегишли амалдорларга олиб бориб кўрсатганимда у киши менга қараб «бу қурилмангни лойиҳангда ёзганингдай эмас, балки фалон сўм қилиб кўрсат, ўша сумма мени ҳаққим бўлади, кейин уни амалга оширамиз», деганди. Тўғриси, бу гапдан ҳафсалам пир бўлди, ноинсофликдан ранжидим ва таклифни рад этдим. Яхшилик қилиш учун ҳаракат қилсанг-у сени очиқчасига ҳақорат қилишса, бундан ёмони бўлмаса керак.
-Дарвоқе, айни коронавирус пандемияси пайтида одамларга кислород конденцаторлари ва кислород ёстиқчаларини вақтинча ишлатиб туриш учун бепул тарқатишни йўлга қўйдиларингиз…
- Ҳа, бир гуруҳ кўнгиллилар жамоамиз бор. Улар қийин вазиятларда одамларга ёрдам бериш учун маблағи ҳам, тоза қалби ҳам бор инсонлар. Ижтимоий тармоқларда одамларнинг нафас олиши қийинлашаётгани туфайли оғир аҳволда қолаётган беморлар билан боғлиқ хабарлар тарқала бошлагач, шундай асбоблардан сотиб олиб, мутахассис билан одамларнинг уйига етказиб бердик. Бунда ҳам яхши инсонлар дарҳол кўмакка келди. Буни қарангки, бу ишни ҳеч қандай таъмасиз, беғараз амалга оширишга тайёр шифокорлар ҳам кўпайиб кетди.
- Саховатли ишларингизга шубҳа билан қараётганлар ҳам кўп бўлса керак-а?
- Албатта. Солиқ идорасининг бир ходими очиқчасига нима фойда топасизлар, бунақа ишлардан, деди. Ҳеч қандай, яхшилик қилиш учун бажараяпмиз, десак, яна саволга тутаверди. «Ахмоқмиз шунақа!», деб қутулиб қўяқолдик.
- Серқирра фаолиятингизга омад тилаймиз! Одамларга яхшилик қилиш истаги йўлингиздаги ғовларни олиб ташлайверсин, деймиз.
Гулруҳ МЎМИНОВА суҳбатлашди.