Самарқандда коронавирусга қарши эмлаш қачондан бошланади?
Ҳадемай республикамиз, хусусан, вилоятимиз аҳолисини коронавирусга қарши эмлаш бошланади. Шу мақсадда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг COVAX дастури бўйича Ўзбекистон учун 2,6 миллион доза вакцина ажратишга қарор қилинган.
Ҳозиргача юртимизда Буюк Британия бренди остида Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган AstraZeneca, Россиянинг Sputnik-V ҳамда Хитойнинг Anhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical вакциналаридан фойдаланишга рухсат берилган. Шунингдек, яна 12 давлатда ишлаб чиқарилган янги вакциналардан келтириш бўйича ҳамкорлик қилинмоқда. Ҳозиргача 660 минг дона AstraZeneca вакцинаси келтирилган бўлиб, шундан 69 минг дозаси вилоятимиз аҳолиси учун ажратилди.
- Ушбу юқумли касалликка қарши эмлашни ташкил этиш учун жиддий тайёргарлик кўрилди, - дейди вилоят санитария-эпидемиология осойишталиги ва жамоат саломатлиги бошқармаси иммунопрофилактика бўлими бошлиғи Шоира Халилова. – Бошқармамизда эмлаш ишларини мувофиқлаштириб турувчи штаб фаолият кўрсатмоқда. Вилоят бўйича 503 та даволаш-профилактика муассасаларида эмлаш пунктлари ташкил этилган бўлиб, уларда малакали шифокор-вакцинаторлардан иборат 352 бригада иш бошлайди. Шунингдек, алоҳида жойларга чиқиб эмлашни олиб борувчи 186 та бригада шакллантирилган.
Эмлаш ишларини олиб бориш учун махсус семинарлар ташкил этилиб, 1077 нафар вакцинатор ва уларнинг ёрдамчилари, 456 нафар умумий оилавий шифокор ва иммунологлар, 477 нафар бошқа мутахассислар қайта тайёрланди.
Республика Корновирусга қарши курашиш махсус комиссиясининг қарорига кўра, эмлаш босқичма-босқич олиб борилади. Дастлаб 65 ёшдан юқори бўлган кексалар, сўнгра тиббиёт ходимлари, сурункали касалликка чалинган беморлар, ўқитувчи ва ММТ ходимлари, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари, шундан сўнг аҳолининг бошқа қатламлари касалликка қарши эмланади.
Эслатиб ўтамиз, бугунги кунда вилоятимизда 65 ёшдан юқори бўлган 168 мингдан зиёд кексалар, 267 мингга яқин сурункали касалликка чалинган кишилар истиқомат қилади. Тиббиёт муассасаларида эса 28 мингдан зиёд соғлиқни сақлаш ходимлари меҳнат қилади. Уларни эмлаш бепул бўлиб, патронаж ҳамширалари уларга эмлаш жойи ва вақти ҳақида хабарни етказади.
Яна бир гап. Эмлаш ихтиёрий бўлиб, хоҳламаганлар ундан бош тортиши мумкин. Имтиёзли қатламга кирмаганлар, жумладан, навбатсиз олишни истовчи фуқаролар, меҳнат мигрантлари, хорижга ўқишга ёки ишга кетишни истовчилар эса пул тўлови эвазига махсус лицензияга эга бўлган хусусий тиббиёт клиникаларига мурожаат қилиб эмланиши мумкин.
Дилмурод Тўхтаев.
Замира Болтаева олган сурат.