2018 йилда иқтисодий суд ишларида 435 нафар вакил видеоконференцалоқа орқали суд жараёнида иштирок этди

Самарқанд вилоят "Матбуот уйи"да ўтказилган брифингда Самарқанд вилоят иқтисодий суди раиси М.Бозоров 2018 йилда Самарқанддаги иқтисодий судлар томонидан амалга оширилган ишлар бўйича ОАВ ходимларига маълумот берди:

- 2018 йилда иқтисодий судлар томонидан 34 774 та иш кўриб чиқилди. Жумладан, кўрилган ишларнинг 20 120 таси (57,9 фоизи) маъмурий ҳуқуқий муносабатларга, 14 074 таси (40,5 фоизи) фуқаролик ҳуқуқий муносабатларга оид ишлардир. Шунингдек, жойларда  сайёр суд мажлислари 22 860 та иш кўриб чиқилди.

      Ҳозирги вақтда тадбиркорлик субъектлари Ўзбекистон Республикаси Олий судининг www.supcourt.uz веб-сайти орқали республиканинг исталган иқтисодий судларига нафақат даъво аризалари ва илтимосномаларни, балки апелляция ва кассация шикоятлари, назорат тартибида протест келтириш тўғрисидаги аризаларни ҳам ўз хоҳишларига кўра электрон шаклда тақдим этишлари мумкин. Жумладан, 2018 йилда хўжалик юритувчи субъектлардан 9 минг 577 та даъво ариза электрон шаклда вилоят иқтисодий судига тақдим этилди.

Бундан ташқари, ҳисобот даврида ишда иштирок этувчи шахсларнинг 435 нафар вакиллари ўзлари жойлашган ҳудудлардан чиқмаган ҳолда, видеоконференцалоқа режимида ўзга ҳудудда ўтказилган суд процессларида қатнашди.