30 йил кутганимиз 3 йилда бўлибди
Аслида Самарқанднинг Ургут туманида туғилиб ўсганман, шу ерда мактабни тугатдим. Кейин университетда таҳсил олиб, “Зарафшон” газетасида бир мунча муддат ишладим. Кейинги ҳаёт йўлим ва фаолиятим Англия давлати билан боғланган экан. Мана, қарийб 20 йилдирки ўша ерда яшайман, ишлайман. Самарқандга, қариндош, дўстларимни кўришга тез-тез бўлмаса-да, ҳар икки-уч йилда бир келиб турардим. Шу йил ҳам таътилимни Самарқандда ўтказиш насиб этди.
Тўғриси, Самарқандда ўтган бу галги таътилим эсда қоларли бўлди. Самарқанд, ўзим туғилиб ўсган Ургут туманидаги ўзгаришлардан ҳайратландим. Қисқа муддатда Самарқандда бундай катта янгиликлар содир бўлганидан завқландим.
Ҳаммаси аслида аэропортдан бошланди. Илгариги текширувлар, сенга худди душмандай қарашлар йўқолган. Йўловчиларга “Хуш келибсиз, яхши боринг” каби чиройли муомалани илгари тасаввур ҳам қилолмасдик.
Келганимдан сўнг қишлоғимиздаги, одамларнинг яшаш тарзидаги кескин ўзгаришлар яққол кўзга ташланди. Одамлар илгаригидай уйларни фақат ҳар замонда келадиган меҳмонлар учун қурмайдиган бўлишибди. Ихчам, қулай, болалар учун ҳам ажратилган хоналари мавжуд, ҳожатхона, ювинадиган хоналари бор, ошхонасида раковина, иссиқ-совуқ сув қилиб, шароит яратиб олишган кўпчилик.
Анча йил қишлоғимда бўлмаганим учунми, бу янгиликлар катта натижадай туюлди менга, лекин қишлоқдошларим бунга аллақачон кўникиб кетишган. Биз қишлоқда ҳар бир уйда ванна, замонавий ҳожатхона бўлишини ҳатто орзу қилмасдик, гуёки бу фақат шаҳарга хос бўлган шароитлардай қийналиб юрганимизга ҳайрон қолдим.
Яна бир масала, болалар, уларнинг билим олишга қизиқиши кучайгани билан боғлиқ эди. Қишлоқда пайтим Англиядаги ҳамкасб, дўстларим билан суҳбатлашишимга (табиийки инглиз тилида) тўғри келди. (Айтганча, интернет тезлиги ошганини айтмасам бўлмас). Суҳбатимни тугатгач, мактабда ўқийдиган жиянларим телефондаги суҳбатим мавзуига қўшимчалар киритди. Шунда тушундимки, улар аллақачон фикрларимни уқиб, маъносини чақиб ўтиришибди. Ўн йиллаб инглиз тилини ўргансак-да, мактабни тугатиб ҳам бир жумлани эплаб гапира олмаганимиз эсимга тушди.
Самарқанд шаҳридаги кичик саёҳатим давомида унинг мисли кўрилмаган қиёфага кирганини кўриб, фахрланиб кетдим. Самарқанд шаҳридаги кўчаларнинг тубдан ўзгаргани, йўлларию, турли сервис хизматлар, кўча ландшафти – ҳамма-ҳаммаси ўзгарган. Хотирамизда чиқинди тўла кўчаларию, “пўшт, арава” қичқириқлари билан қолиб кетган тарихий маскан Сиёб бозори атрофларини танимадим, ҳатто.
Боқий шаҳар, Конигил туризм қишлоқлари эса Самарқанднинг яна бир мўъжизавий масканига айланибди. Бу ердаги табиат билан уйғунлашган тарихийлик ва бир пайтнинг ўзида бу қиёфага ўзгача нур қўшган замонавийлик кишини мафтун этади.
Бу масканларда бўла туриб у ерлар нафақат хорижий, балки маҳаллий сайёҳлар билан ҳам гавжум эканига гувоҳ бўлдим. Аҳолининг саёҳатга қизиқиш билдираётгани, оилавий дам олишга интилаётгани бу оддийгина гап эмас. Бу – одамларнинг яшаш тарзи, турмуш шароити анча яхшиланганидан дарак беради.
Тўғри, ҳали сервис соҳасида бироз камчиликлар кузатилди, ёлғиз саёҳатга чиққан чет элликлардан кўпроқ пул ундириш каби нуқсонлар ҳалиям бор. Уларни ҳам вақти билан бартараф этиш лозим, деб ўйлайман.
Хуллас, бу галги Самарқанд менга бутунлай янгича қиёфа ва руҳда намоён бўлди. У ердан Буюк Британияга кетгим келмади, ҳатто.
Зоҳида МИЛНЕ-БОЙМАТОВА, Лондондаги GETJAR LIMITED компанияси ҳисобчиси.