300 га яқин ўзбекистонлик Абхазиядан қайтарилди
Махсус комиссия қарори билан, шунингдек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва Транспорт вазирлигининг биргаликдаги фаолияти натижасида 2020 йилнинг 28 октябрь куни Абхазияда қолиб кетган Ўзбекистон фуқароларининг 299 кишидан иборат иккинчи гуруҳи Сочи шаҳридан “Uzbekistan Airways” АЖнинг чартер рейслари билан Ватанга қайтарилди. Бу ҳақда вазирлик ахборот хизмати маълум қилди.
Аввалроқ, 9 октябрь куни “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ махсус поездида ёрдамга муҳтож (ҳомиладор аёллар, қариялар, касаллар ва болали аёллар) 19 нафар ҳамюртларимиздан иборат биринчи гуруҳ Ватанга қайтарилган эди.
Айни пайтда Ўзбекистон дипломатлари ушбу чегараолди ҳудудида бўлиб, Абхазиядаги ватандошлар билан боғлиқ вазиятни назорат қилмоқда.
Ҳозирги вақтда Россия томони билан Россия Федерацияси ҳудуди орқали Абхазияда қолган Ўзбекистон фуқароларини юртимизга олиб келишни ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Шу муносабат билан яқин вақт ичида Сочи шаҳридан навбатдаги чартер рейсларни амалга ошириш кутилмоқда.