5 килограмм марихуана сотмоқчи бўлган 21 ёшли йигит қўлга олинди
9 сентябрь куни соат 14:00да Ўрта Чирчиқ тумани ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда “Авангард-Ўртасарой” автомобиль йўлида 21 ёшли фуқаро ушланган. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги тергов департаменти хабар берди.
Аниқланишича, 21 ёшли Ж.С. қора рангли полиэтилен пакетга солиб қадоқланган ўткир ҳидли ўсимликни 2 200 000 сўмга сотмоқчи бўлган. Тадбирда ўсимлик ва пуллар ашёвий далил тариқасида расмийлаштириб олинган.
Судга оид кимёвий экспертизанинг хулосасига кўра, фуқаро Ж.С.дан олинган ўсимлик таркибида тетрогидроканнабинол актив гиёҳвандлик моддаси бўлган ҳўл ҳолатдаги, вазни 5 килограмм 053 грамм марихуана ўсимлиги эканлиги аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан ЎзР ЖКнинг 273-моддаси 5-қисми билан (гиёҳвандлик воситаларини кўп миқдорда ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда сотиш) жиноят иши қўзғатилган.
Дастлабки тергов жараёнида Ж.С. айбланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилиниб, унга нисбатан «қамоққа олиш» тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилган.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.